Буюк давлат арбоби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳон тамаддунида муносиб из қолдирган аждодларимиздан бири саналади. Ўрта асрлар Шарқ Ренессанси ривожига улкан ҳисса қўшган бобокалонимиз илмий-адабий мероси миллий маънавиятимизнинг бебаҳо гавҳарига айланган.
Беназир шоир, қомусий олим ва моҳир саркарда таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан ИИВ Академиясида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда адабиёт вакиллари, таниқли ижодкорлар ҳамда ўқув даргоҳи профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти соҳиби, публицист Тўлқин Эшбек, Фанлар академияси Ўзбек тили ва адабиёти фольклори институти катта илмий ходими Жалолиддин Ёдгоров сўз олиб, давлатимиз раҳбарининг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори миллий маънавиятимизга эътиборнинг юксак нумунаси бўлганини эътироф этишди. Таъкидлаб ўтилганидек, мустақиллик йиллари халқимизнинг улуғ алломалари қатори Мирзо Бобурнинг ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ этиш борасида салмоқли ишлар қилинди. Бобуршунослик илмида эришилган ютуқлар халқимизнинг бебаҳо хазинаси сифатида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, уларнинг адабий-эстетик тафаккурини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маънавий-маърифий тадбирда Бобур шахсиятининг ўзига хос қирралари, шоир асарларида улуғланган ғоялар, улуғ ватандошимизнинг давлат арбоби сифатидаги серқирра фаолияти, айниқса миллий адабиётимиз ривожига қўшган бетакрор ҳиссаси ҳақида қимматли фикрлар билдилди. Академия бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва иқтидорли курсантлар томонидан Мирзо Бобурнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати