Кафедра 1994 йилда информатика ва ҳисоблаш техникаси кафедраси номи билан ташкил этилган. 2015 йилда у ахборот технологиялари кафедрасига айлантирилди.
Турли йилларда кафедрага Т.Джаббаров, К.Абдусагатов, техника фанлари доктори, профессор М.Якубов, физика-математика фанлари номзоди И.Каримов раҳбарлик қилган.
Кафедрада кундузги таълим учун «Ички ишлар органлари фаолиятида ахборот технологиялари», «Ахборот хавфсизлиги асослари» фанларидан, Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети тингловчилари учун «Бошқарувда ахборот технологиялари» фанидан сабоқ берилади. Кафедра томонидан ўқув машғулотлари замонавий педагогик технологиялар, ўқитишнинг мультимедиа ва интерфаол воситалари ёрдамида ўтказилади. Жамоа профессор-ўқитувчилари долзарб мавзуларда илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда ўқув жараёнини адабиётлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратишади.
Сўнгги йилларда кафедра фонди «Информатика», «Ахборот технологиялари», «Ички ишлар органлари фаолиятида ахборот технологиялари», «Ахборот технологиялари ёрдамида бошқарувни ташкил этиш», «Ахборот хавфсизлиги асослари», «Microsoft Excel дастурида диаграммалар яратиш», «Информацион технологиялар асослари», «Microsoft Word дастурининг мураккаб тузилмали ҳужжатлар тайёрлашдаги имкониятлари», «Photoshop дастурида график тасвирлар билан ишлаш», «Ахборот хавфсизлиги асослари фанидан амалий машқлар» сингари ўнлаб дарслик ва қўлланмалар билан тўлдирилди.