Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Öz Ўзб Рус En

Янгиликлар

Киберхавфсизлик бўйича ўқишлар ташкил қилинади

24 Ноябр 2026, 21:27

14

Шу кунларда Чжэнчжоу полиция университети вице-президенти Ли Гуаньи бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Бугун хитойлик меҳмонлар Ички ишлар вазирлиги академиясига ташриф буюриб, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув олдидан университет вакиллари таълим жараёнлари, бакалавриат ва магистратура босқичида йўлга қўйилган инновацион ёндашувлар, таълим олувчилар ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Ли Гуаньи академия фаолиятидаги янгиланишларни кўздан кечириб, дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, ёшларнинг ватанпарварлик руҳини юксалтириш борасида самарали тизим яратилганини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг таълим муассасалари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтиб, унда томонларни қизиқтирган муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ли Гуаньи самимий қабул учун миннатдорлик билдирар экан, халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва илмий-маънавий меросига алоҳида ҳурмат билан қарашини эътироф этди. “Мен замонавий Ўзбекистоннинг жадал суръатларда равнақ топаётганидан асло таажжубланмайман. Чунки бу заминда жаҳон илм-фани, маданиятига катта таъсир кўрсатган буюк шахсалар етишиб чиққан. Бугун мамлакатингиз ўз тарихий илдизидан илҳом олиб, тараққиётнинг янги босқчига қадам қўймоқда”, - деди у.

Самимий руҳда ўтган мулоқот чоғида стратегик ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Томонлар ҳамкорлик меморандум асосида тажриба алмашинувини кенгайтириш, киберхавфсизлик, сунъий интеллект, “Смарт полиция” тизими бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, машғулотларга малакали мутахассисларни жалб қилиш, таълимни рақамлаштириш каби йўналишларни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Делегация аъзоларининг юртимизга ташрифи давом этмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech