Мазкур кафедра 1978 йилда ҳарбий сафарбарлик ва махсус тактик тайёргарлик кафедраси сифатида ташкил этилган. Унга полковник Г.Васильев бошлиқ этиб тайинланган. 1994 йилда таълим муассасаси Академия мақомини олгач, унинг номи ҳарбий хизмат ва махсус тактик тайёргарлик кафедраси деб ўзгартирилди. Бу даврда кафедра учун янги бино қурилиб фойдаланишга топширилди. 2017 йилдан бўлинма ҳарбий тайёргарлик кафедраси сифатида фаолият юритмоқда.
Кафедра бошлиғи этиб турли йилларда полковник В.Юсупов, генерал-майор Ҳ.Хаджиматов, полковник С.Тангирбердиев, майор Д.Алоутдинов фаолият юритганлар.
Кафедрада «Ҳарбий-хизмат тайёргарлиги», «Ҳарбий хизмат ва махсус тактик тайёргарлик», «Жанговар тайёргарлик» фанларидан сабоқ берилади. Курсантларга пухта билим бериш мақсадида махсус тактика, ҳарбий топография, фуқаро муҳофазаси, ўқ отиш назарияси ва қуролларнинг моддий қисмлари хоналари ҳамда электрон тир ташкил этилган. Кейинги йилларда хоналар зарур восита ва жиҳозлар билан таъминланиб, ўқ отиш галереяси тўлиқ янгиланди. Кафедранинг фонд маърузалари ва методик комплекслари ҳам йилдан-йилга янгиланмоқда. Таълимнинг интерфаол усулига таянган ҳолда «Нишон» электрон тир дастуридан кенг фойдаланиб келинмоқда.
Кафедрада ўқитиладиган фанлар бўйича илмий тўгарак ҳамда жанговар қуроллардан ўқ отиш секцияси фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан «Фуқаро муҳофазаси», «Ўқ отиш тайёргарлиги» дарсликлари, «Умумий тактика», «Махсус тактика», «Фуқаро муҳофазаси», «Саф тайёргарлиги», «Ҳарбий тайёргарлик», «Ҳарбий топография», «Ҳарбий хизмат ва махсус тактик тайёргарлик» ва бошқа қўлланмалар тайёрланди.