Бўлим тарихи 1967 йилдан бошланади. Ўша вақтда Олий мактаб таркибида илмий-ноширлик гуруҳи тузилган. 1974 йили у Илмий-тадқиқот ва таҳририят-ноширлик бўлимига айтантирилган. Олий мактаб бошлиғининг илмий ишлар бўйича ўринбосари айни пайтда бўлим бошлиғи ҳисобланган.
Худди шу йили Илмий тадқиқот ва таҳририят-ноширлик бўлими таркибида уч нафар ходимдан иборат таҳририят-ноширлик гуруҳи ташкил этилган. 1974–1994 йиллар мобайнида унга юридик фанлар номзоди, катта илмий ходим М.Кержнер раҳбарлик қилган. 1983 йилда бўлим штатига мусаҳҳиҳ лавозими киритилган.
Таълим муассасаси Академия мақомини олганидан сўнг илмий-тадқиқот ва таҳририят-ноширлик бўлими мустақил бўлим мақомига эга бўлди, яъни унинг штатига бўлим бошлиғи лавозими киритилди. Бу лавозимга юридик фанлар номзоди, доцент Б.Зокиров тайинланди. 1996 йилда илмий тадқиқот ва таҳририят-ноширлик бўлимининг таҳририят-ноширлик гуруҳи негизида янги тузилма – таҳририят-ноширлик бўлими ташкил этилди. Бўлимга дастлаб М.Кержнер, 1999-2005 йилларда эса В.Кан бошчилик қилди.
Бўлимнинг асосий вазифаси ўқув жараёнини мутахассисларни тайёрлаш ихтисослигига мувофиқ ўқув ва илмий адабиётлар, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш ҳисобланади. Ўтган йиллар ичида жамоа муҳаррирларининг саъй-ҳаракати билан 3 мингга яқин номдаги адабиётлар таҳрир қилиниб, нашрга тайёрланди.
Шунингдек, бўлим қошида бир неча йиллардан буён «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг ахборотномаси» илмий журнали нашр этиб келинмоқда.
Кадрлар салоҳиятини юксалтириш, адабий таҳрир ва ноширлик сифатини давр талаблари даражасида ташкил этиш бўлимнинг асосий мақсадларидан саналади. Ана шу мақсадда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.