Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг тарихи 1932 йили ташкил этилган Ўрта Осий ишчи-деҳқон милицияси катта бошлиқлар таркиби мактабига бориб тақалади.
Таълим муассасасини йулга қуйиш учун иккита милиция мактаби фаолият юритарди. Булар ўрта ва катта милиция командирлари таркибини тайёрловчи Самарқанд ҳамда Қўқон мактаблари эди. Кўп ўтмай, Самарқанддаги мактаб тугатилиб, Қўқон мактаби Тошкент шаҳрига кўчирилди.
Ўқув машғулотлари учун уч қаватли бино ажратилди. Мактаб қошида ишчи-деҳқон милицияси шахсий таркибини тайёрлаш ва қайта ўқитиш курслари, доимий уч ойлик курслар ҳамда милиция инспекторлари гуруҳлари ташкил этилди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари мактабда ўқиётганлар таркиби асосан эвакуация қилинган хотин-қизлардан жамланди. Улар иккита взводдан иборат хотин-қизлар дивизионини ташкил қилган.
Урушдан кейин мактабда яна икки йиллик таълим тизими йўлга қўйилиб, ўрта маълумотга эга бўлганлар ўқишга қабул қилина бошланди.
1947 йилда мактабда сиртқи бўлим очилди. 1949 йил сентябрь ойида мактаб СССР Давлат хавфсизлиги вазирлиги ихтиёрига ўтказилди ва подполковник И.Исмоилов унга бошлиқ этиб тайинланди.
1950 йилдан мактаб ихтисослиги ўзгарди ва бу ерда социалистик мулкни талон-торож қилишга қарши курашиш ходимлари тайёрлана бошланди.
1952 йилда ўқув даргоҳи собиқ Иттифоқ Давлат хавфсизлиги вазирлигининг Ўрта махсус милиция мактаби мақомини олди. Чунки ўша йиллари милиция тизимини юридик (ҳуқуқий) маълумотга эга бўлган ходимлар билан таъминлаш зарурати пайдо бўлган эди. Мактабга ўрта маълумотлилар қабул қилина бошланди ва 1954 йилда илк битирувчиларга юрист (ҳуқуқшунос) дипломи берилди.
Кейинчалик мактабда милициянинг барча хизматлари учун оддий ва бошлиқлар таркибини бошланғич тайёрлаш ва қайта ўқитиш курслари мунтазам иш олиб борди. Ўқув жараёнида ҳам бир қатор янгиликлар жорий этилди. Мактабнинг моддий базаси кучайтирилди. Адабиётлар фонди бойитилди, хоналар тегишли кўргазмали қуроллар билан жиҳозланди. Машғулотларда маъруза билан бирга, амалий машғулотларга ҳам катта эътибор қаратилди.
1958 йилда мактаб қошида РСФСР Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги Москва олий мактаби сиртқи таълим факультетининг бўлинмаси ташкил қилинди. Чунки ўша йиллари нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикаларда ҳам милиция ходимларига талаб ошди. 1961 йили сиртқи бўлимни 48 нафар битирувчи тамомлади.
Орадан уч йил ўтиб бўлинма Тошкент сиртқи таълим факультетига айлантирилди. Факультетда учта кафедра (махсус, юридик ва ижтимоий фанлар), шунингдек рус ва чет тиллари секцияси ташкил этилди. 1964 йилнинг сентябрь ойида факультет қошида кечки бўлим очилди. Бироқ собиқ Иттифоқ республикаларида кадрларга эҳтиёж ҳамон юқори даражада эди.
Шу сабабли 1967 йилда собиқ Иттифоқ Жамоат тартибини сақлаш вазирлигининг Тошкент олий милиция мактаби ташкил этилди. Ўқув даргоҳига генерал-майор Тожиддин Азимович Жалилов бошлиқ этиб тайинланди. Илк ўқув йилида унга 85 киши қабул қилинди. Ўқиш муддати тўрт йил этиб белгиланди.
Орадан бир йил ўтиб, Душанбе ва Ашхобод шаҳарларида мактабнинг ўқув- маслаҳат пунктлари фаолият кўрсата бошлади. Асосий эътибор кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, ички ишлар органлари ходимларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасидаги касб маҳоратини юксалтиришга қаратилди. Олий мактабнинг моддий-техник базаси янада яхшиланди, янги бино ва иншоотлар барпо этилди.
Тошкент вилоятида ҳарбий-дала ўқув полигони барпо этиш учун жой ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Кўп ўтмай, бир нечта бинолар, ётоқхона, ошхона, саф майдони, клуб, спорт мажмуи ва бошқа объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
1971 йилда кундузги таълимнинг 32 нафар илк битирувчилари Олий мактабни муваффақиятли тамомлади. Янги ўқув йилида мактабга қабул қилинувчилар сони икки баравар кўпайтирилди. Малака ошириш курслари эса факультетга айлантирилди. Унда ҳар йили 200 нафарга яқин ходим таълим олди.
1979 йили таълим муассасаси бошлиғи Тожиддин Жалилов ташаббуси билан мактабда Малака ошириш факультети ташкил этилди. Факультетнинг мақсади ички ишлар органлари ходимларининг касбий малака ва кўникмаларини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш эди. Бу даврда мактаб ҳудудида ўқув бинолари ва иншоотлари барпо этилди.
80-йиллар ўрталарига келиб мактабда кундузги ва сиртқи таълим ҳамда малака ошириш факультетлари, дарий (форсий) тили таржимонларини тайёрлаш махсус факультети, ёнғинга қарши техника ва хавфсизлик муҳандислари факультети фаолият кўрсата бошлади. Кейинчалик ёнғинга қарши техника ва хавфсизлик муҳандислари факультети мактаб таркибидан чиқарилди.
Генерал-майор Николай Иванович Ожиганов 1984 йилдан 1992 йилгача Тошкент Олий милиция мактабига раҳбарлик қилди. Ушбу йилларда ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда ўқув жараёнини моддий-техник ва методик жиҳатдан таъминлаш ишлари ҳар томонлама мустаҳкамланди.
Н.Ожиганов раҳбарлигида 1984 йили сиртқи таълим факультети тингловчилари учун янги ўқув биноси ҳамда меҳмонхона қурилиши бошланиб, бир йилдан сўнг мазкур иншоот фойдаланишга топширилди. Унинг ташаббуси билан 1988 йилда ҳаво транспортида гаровга олинган йўловчиларни озод қилиш бўйича аксилтеррор
ўқув машғулотларини ўтказиш мақсадида В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасидан ЯК-40 русумли самолётнинг асл макети олиб келиниб, Ўқув полигонига ўрнатилди.
Таъкидлаш жоизки, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши муносабати билан 1989–1990 ўқув йилидан бошлаб ИИВ Тошкент олий мактаби тингловчилари учун ўзбек тилида таълим бериладиган ўқув гуруҳлари ташкил этилди. Ўзбек тили ўқитувчиларига эҳтиёж борлиги учун тиллар кафедрасининг штатлари кўпайтирилди. Айни шу даврдан олий мактаб тарихида илк бор ўзбек тилидаги ўқув ва ўқув-методик адабиётлар (дарслик, ўқув қўлланма, луғатлар, услубий қўлланмалар ва бошқ.) нашр этила бошланди.
XX асрнинг 80-йилларида олий мактабнинг Махсус факультет базасида Афғонистон Ички ишлар вазирлиги учун маслаҳатчилар ҳамда таржимон кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам фаол ишлар олиб борилди. 1988 йилдан мустақилликка қадар олий мактабнинг 100 дан ортиқ тингловчилари Россия, Украина, Беларусь ва бошқа республикаларнинг Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги олий таълим муассасаларига ўқишга юборилди. Шу билан бирга, олий мактабнинг ўзида собиқ
Иттифоқдаги турдош таълим муассасаларидан тингловчилар ўқитилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритганидан кейин кўп соҳалар қатори ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш тизими тубдан ўзгарди. 1992 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра, Тошкент олий милиция мактаби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Олий мактаби мақомини олди. 1992 йил 1 августда унга полковник Убайдулла Таджиханов бошлиқ этиб тайинланди.
Ўша йиллари мактабда 14 та кафедра фаолият юритар, ўқув бинолари ва машғулот хоналари таъмирга муҳтож эди. Ўқув юрти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари таркиби зиммасига таълим тизимини такомиллаштириш, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиб таълим жараёнига татбиқ этиш, мактабнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш вазифалари юклатилди. Ана шу мақсадда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Мактаб ҳудуди ободонлаштирилиб, кўркам иншоотлар барпо этилди, мавжудлари таъмирланди.
90-йиллар бошида, мустақилликка эришилиши муносабати билан Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.