ИИВ академияси бошлиғи Ички ишлар вазирлигининг Навоий вилоятидаги академик лицейи ёшлари билан учрашди.
Академик лицейда ўтган учрашув олдидан Рустам Хатамов таълим-тарбия жараёнлари, ўқувчиларни касбга йўналтириш, уларнинг ватанпарварлик руҳини юксалтириш, тизим учун муносиб кадрлар этиб тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил қилинди. Академия бошлиғи мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган улкан ўзгаришлар, муҳтарам Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, юртимиз ёшлари учун яратилаётган кенг имкониятларга тўхталди. Бугунги мураккаб даврда ёшлар таълим-тарбияси энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб, ўқувчиларни замонавий билимларни пухта эгаллашга, танлаган касбининг етук мутахассиси бўлишга, мамлакатимиз ҳаётига дахлдорлик ҳисси билан яшашга чақирди.
Учрашувда ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётган иллатлар, интернет орқали кириб келаётган таҳдид ва хатарлар, ёшлар томонидан содир қилинаётган жиноятларга ҳам эътибор қаратилди. Академия бошлиғи давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тўғрисидаги қарорининг долзарб аҳамиятига тўхталди. Мазкур қарор билан ҳудудларда янги тизим жорий қилинаётгани, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида жиноятчиликка барҳам бериш устувор вазифа эканлиги қайд этилди.
Самимий руҳда ўтган тадбир сўнггида таълим-тарбия ишларини янада жонлантириш, ўқувчиларнинг касбга садоқатини ошириш, улар қалбида юрт келажаги учун дахлдорлик ҳиссини юксалтириш, уларни буюк аждодларимизга муносиб ворислик руҳида тарбиялаш юзасидан тавсиялар берилди.
Шунингдек, бир гуруҳ фидойи ўқитувчи-мураббийлар ҳамда тенгдошларига намуна бўлаётган ўқувчилар ИИВ академияси номидан ташаккурнома билан тақдирланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати