Адиблар хиёбонида буюк аждодимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Таниқли олимлар, адиблар, олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этган тадбир аввалида бобомиз ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари М. Мирзо, Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи ўринбосари И. Маҳмудов, ИИВ академияси профессори Д. Раззоқов ва шоира Ф. Афрўз сўз олиб, буюк аждодимизнинг ҳаёти ва ижодига кенг тўхталдилар.
Чунончи, Мирзо Бобурнинг инсоният тарихидаги ўрни, давлат арбоби, моҳир саркарда, олим ва шоир сифатида амалга оширган ишлари, аждодимиздан қолган бебаҳо илмий-адабий мероснинг ҳозирги кундаги аҳамияти, Бобур шеъриятида акс этган инсоний ғоялар ҳақида мулоҳазалар билдирилди.
Жамоат хавфсизлиги университети ва ИИВ академияси курсантларининг чиқишлари, иқтидорли ёшлар ижро этган ғазаллар, китоблар кўргазмаси тадбирга янада файз бағишлади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати