Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тўғрисидаги қарори юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов ҳудудларнинг криминоген вазиятини ўрганиш ва бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Навоий вилоятида бўлди.
Хизмат сафари давомида “қизил” тоифадаги маҳаллаларнинг криминоген вазияти ўрганилди. Масъуллар, сектор вакиллари ва “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирокида содир этилган жиноятларнинг сабаб ва шароитлари, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган асл омиллар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари қарорининг мазмун-моҳияти ва уни амалиётга татбиқ этиш механизмлари тушунтирилди.
Бундан ташқари, академия бошлиғи жойларга бириктирилган профессор-ўқитувчилар билан ҳам мулоқот қилди. Жиноятчиликни ўрганишда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятини инобатга олиш, илмий-амалий ёндашувлар асосида муаммоларнинг асл омилларини аниқлаш, “еттилик” вакилларига методик ёрдам кўрсатиш, криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган пухта таклифларни ишлаб чиқиш борасида кўрсатма берди.
Айтиш жоизки, таълим муассасаси ишчи гуруҳи томонидан ҳозиргача 103 та маҳаллада ўрганишлар олиб борилди. Жиноятчиликнинг асл омиллари таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, “жиноят ўчоқ”ларида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларга барҳам бериш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ўрганишлар давом эттирилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати