ИИВ Академиясида бўлиб ўтган сайёр суд жараёнида жиноий қилмишларни содир этган шахсларнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилди.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор, Сергели ва Янгиҳаёт туманлари суди томонидан ўтказилган мажлисда фирибгарлик, безорилик, вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш, шунингдек ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятларига қўл урган кимсаларнинг қилмиши муҳокама қилинди. Томонларнинг даъволари тинглангач, айбдорларга тегишли ҳукм ўқилди.
Шундан сўнг соҳа вакиллари томонидан суд-ҳуқуқ тизимидаги янгиланишлар, хусусан, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одил судлов сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифаларга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
– Сайёр суд мажлисларининг фойдали жиҳатлари кўп, – дейди Академиянинг 3-босқич курсанти Муҳаммадмирзохон Аълохонов. – Хусусан, айблов хулосаси билан юборилган ишларнинг суд жараёнида суриштирув ва дастлабки тергов босқичининг аҳамияти, процессуал ҳаракатларни амалга оширишда қонун талабларига риоя этиш юзасидан зарур кўникмаларга эга бўламиз. Бу ҳам назарий билимларни амалиётда оқилона қўллаш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради.
Очиқ мулоқотда “тергов фаолияти” ихтисослик йўналишида таълим олаётган курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати