Юртимизда халқ билан мулоқотнинг самарали механизмлари жорий қилинган. Айниқса “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “фуқаробай” каби самарали тизимлар аҳоли муаммоларини ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
ИИВ Академияси ишчи гуруҳининг Андижон вилоятига сафари чоғида криминоген вазияти мураккаб маҳаллалар аҳволи атрофлича ўрганиляпти. Хусусан, Булоқбоши, Бўстон, Андижон ва Шаҳрихон туманларида ўтказилган учрашувда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш борасида ечимини кутаётган масалалар борлиги аён бўлди.
Ишчи гуруҳ вакиллари жиноятлар сони ошган ҳудудларда бўлиб, маҳалла фаоллари, секторлар мутасаддилари ва профилактика инспекторлари билан фикр алмашдилар. Очиқ мулоқотда мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш, “яшил” тоифадаги маҳаллаларни кўпайтириш, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга манзилли кўмак бериш, коммунал тизим билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, маҳаллий инвестициялар ҳисобига ҳудудларни ривожлантириш, маҳаллаларни жиноятдан холи масканга айлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ вакиллари Шаҳрихон деҳқон бозори, “Elegant” пойабзал ишлаб чиқариш фабрикаси, “Бувайдо” маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканини кўздан кечириб, аҳоли учун яратилган қулай имкониятлар ва қўшимча иш ўринлари билан танишдилар.
Бир сўз билан айтганда, жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ўрганишлар муаммонинг амалий ечимига қаратилган очиқ мулоқот руҳида ўтмоқда. Бу ҳам маҳаллалар ободлигига, халқимизнинг фаровон турмушига хизмат қилади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати