Ахборот технологиялари ривожланиб боргани сайин кибержиноятлар салмоғи ҳам ошиб бормоқда. Бу эса интернет тармоғи билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши курашишнинг самарали механизмларини тақозо этади.
Ички ишлар вазирлиги академиясида интернетда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва киберхавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Унда қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар мутасаддилари, IT бўйича мутахассислар, республикамизнинг етакчи олий таълим муассасаларидан олим ва тадқиқотчилар, ёшлар қатлами вакиллари, шунингдек ОАВ ходимлари иштирок этди.
Илмий-амалий конференцияни Академия бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари, полковник Руфтулло Нигматов кириш сўзи билан очиб, кибер маконда юзага келаётган таҳдидларнинг олдини олишда соҳа мутахассислари олдидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди. Шундан сўнг маърузачиларнинг “Кибержиноятчилик профилактикасида интеллектуал-замонавий механизмлар”, “Киберхавфсизлик ва ахборот хавфсизлигининг ўзига хос хусусиятлари”, “Интернет тармоғи орқали ёшлар онгига хавф солаётган ахборот хуружларининг олдини олиш”, “Ички ишлар органларининг ахборот технологиялари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини такомиллаштириш” ва бошқа мавзудаги чиқишлари тингланди.
Соҳа вакиллари глобал тараққиёт даврида киберхавфсизликни таъминлаш, интернет тармоғи орқали содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, мазкур соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, жамиятда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалалари юзасидан фикр алмашиб, мавжуд муаммоларнинг ечимларига қаратилган таклиф ҳамда тавсияларини билдиришди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати