Сўнгги йилларда ички ишлар органларининг халқчил фаолиятини таъминлашга қаратилган самарали тизим яратилди. Соҳа фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, қуйи бўғин саналган маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, содир этилаётган ҳар бир жиноятнинг сабабларини ўрганиш, бунга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқ билан мулоқотнинг манзилли тизими йўлга қўйилиб, профилактика инспекторларининг фаолияти аҳолининг кунлик муаммоларини ҳал этишга йўналтирилди. Жиноятчиликни барвақт аниқлаш ва фош этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қамраб олган янги механизмлар жорий қилинди. Жойлардаги криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, жиноятларнинг динамикаси ва содир этилишига таъсир қилаётган омилларни аниқлаш, “илмий диагноз” қўйиш орқали жиноятчилик кўрсаткичларини прогнозлаш ва унинг олдини олиш амалиёти йўлга қўйилди. Муҳими, соҳадаги кенг қамровли ислоҳотлар ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштиришга, фуқароларни ташвишга солаётган муаммо ва масалаларни жойида ҳал этиш баробарида, ҳудудларнинг криминоген вазиятини барқарорлаштиришга хизмат қилмоқда.
Бироқ ҳозирги мураккаб шароитда янгидан-янги таҳдид ва хавф-хатарларнинг пайдо бўлаётгани, жиноятларни содир этиш усуллари ва мақсадларининг ўзгариб бораётгани ички ишлар органлари фаолиятини илмий ёндашувлар асосида ташкил қилишни, илмий фаолият ва амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда илмий ишланмалар натижаларини тизим фаолиятига кенг жорий этишни долзарб вазифа сифатида қўймоқда.
Бу борадаги ишларни жадаллаштириш мақсадида Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органларида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, натижаларни амалиётга жорий қилиш ва ижобий тажрибаларни оммалаштириш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Эътиборлиси, мазкур буйруқ билан ИИВ Академияси ҳузурида доимий фаолият юритувчи олий маслаҳат органи − Илмий ишланмалар натижаларини ички ишлар органлари фаолиятига жорий қилиш ва ижобий тажрибаларни оммалаштириш бўйича кенгаш ташкил этилди. Кенгаш зиммасига ички ишлар органлари фаолиятининг илмий асосларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, илмий фаолиятни тизимдаги мавжуд эҳтиёжни инобатга олган ҳолда уйғун равишда олиб бориш, ҳудудий ички ишлар органларининг буюртмаси асосида содир этилаётган жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш, уларнинг олдини олиш ва фош этиш бўйича илмий хулоса ва таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш, шу асосда жойлардаги илғор тажрибаларни оммалаштириш каби устувор вазифалар юклатилди.
Жорий йилнинг 28 январь куни ИИВ Академиясида кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Вазирлик таркибий тузилмалари раҳбарлари, кенгаш ишчи органи аъзолари, профессор-ўқитувчилар, шунингдек онлайн форматда ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари қатнашган йиғилишда янги тизимнинг мақсад ва вазифалари, уни амалга ошириш механизмлари, замонавий шароитда кенгаш олдидаги долзарб йўналишлар ва кутилаётган натижалар қизғин муҳокама қилинди. Академия раҳбари, полковник Рустам Хатамов ҳудудий ички ишлар органларига илмий-методик жиҳатдан ёрдам кўрсатиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳудудларнинг криминоген вазиятини яхшилашга хизмат қилаётгани, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этишга қаратилган кенгаш фаолияти орқали бу борадаги ишлар тубдан такомиллаштиришини таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар, жумладан, ички ишлар органлари фаолиятига илмий ишланмалар натижаларини жорий қилиш ва ижобий тажрибаларни оммалаштиришнинг аҳамияти, Ички ишлар вазирлиги илмий фаолияти ҳамда кенгашнинг 2023 йилга мўлжалланган ишлар режаси ишчан руҳда муҳокама қилинди. Соҳа вакиллари, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари, эксперт ва мутахассисларнинг мулоҳаза ҳамда таклифлари тингланиб, келгусидаги аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Мухтасар қилиб айтганда, ички ишлар органларининг халқчиллигини ошириш, жамиятдаги обрўсини юксалтириш бугунги ислоҳотларнинг бош мақсадига айланган. Бу эса, биринчи навбатда, қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида белгиланган юртимизда жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишларига қарши муросасиз курашиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни тўла қарор топтиришга боғлиқ. Амалиётга татбиқ этилаётган янги тизим айни жиҳатлари билан ана шу пировард мақсадга хизмат қилади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати