14 февраль куни Душанбе шаҳрида Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда чегараларни бошқариш бўйича кўмак дастури (BОМCА) доирасида “Афғонистон орқали юзага келаётган ноқонуний миграция жараёнлари” мавзуига бағишланган онлайн ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Унда Марказий Осиё ва Болтиқбўйи давлатларининг асосий ҳамкорлар сифатида белгиланган давлат органлари ва тузилмалари вакиллари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тасарруфидаги ихтисослашган илмий марказлар ва таълим муассасаларидан эксперт ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Таъкидлаш керакки, Марказий Осиёда чегараларни бошқариш бўйича кўмак дастури (BОМCА) Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган бўлиб, унинг фаолияти трансчегаравий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш орқали минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган. 2003 йилдан буён амалга ошириб келинаётган дастур интеграциялашган бошқариш концепцияси асосида чегара назорати идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, чегара назоратини халқаро тажрибалар ва Европа Иттифоқи стандартларига мувофиқлаштиришга кўмаклашиб келади. Дастурнинг ўнинчи босқичи (ВОМСА-10) чегара идораларини институционал ривожлантириш, қонун бузилиши ҳолларини аниқлаш бўйича салоҳиятни ошириш, трансчегаравий савдо ва ҳамкорликни енгиллаштириш ва такомиллаштиришни қамраб олган.
Ўнинчи босқич доирасида ўтказилган навбатдаги ўқув-семинарни BОМCАнинг минтақавий офиси раҳбари Марис Доминьш очиб, минтақада трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал хавф-хатар ва таҳдидларнинг олдини олиш, ички ва ташқи хавфсизликка таъсир кўрсатувчи омилларга қарши курашишда ўзаро кўмаклашиш, бу борада ҳамкорлар давлатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш ўқув-семинарнинг асосий мақсади эканлигини таъкидлади. Машғулотлар давомида тожик-афғон чегарасида ўрнатилган назорат тартиб-қоидаларининг ўзига хос хусусиятлари, минтақада юзага келаётган замонавий таҳдидлар, чегара хавфсизлигига оид миллий қонунчилик нормалари, шунингдек бошқа долзарб йўналишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўқув-семинарда ИИВ Академиясининг ихтисослик кафедраларидан 24 нафар профессор-ўқитувчи фаол қатнашди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати