Кўп асрлик алоқалар, ишончли биродарлик ва стратегик шериклик Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатларининг мустаҳкам асосини ташкил этади. Икки мамлакат ўртасидаги ришталар бугун юқори даражада ривожланиб бормоқда.
26 ноябрь куни Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов Корея миллий полиция университети президенти жаноб Ли Чёл Гу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Музокаралар кун тартибидан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари ўрин олди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги муштарак алоқалар илдизи узоқ тарихга эга. Давлатларимиз кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва замонавий тараққиётнинг ривожланиш тенденцияларини қўллаб-қувватлаш тарафдори. Ўзаро манфаатли муносабатлар мураккаб пандемия шароитига қарамасдан, барқарор ривожланишда давом этмоқда. Жорий йилнинг ўзида Сеул ва Тошкентда юқори даражадаги учрашувлар ташкил этилиб, қатор муҳим йўналишлар бўйича истиқболли келишувларга эришилди.
Таълим муассасалари раҳбарлари бир-бирларини қутлар экан, муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.
– Ўзбек ва корейс халқларини тарих синовидан ўтган мустаҳкам алоқалар боғлаб туради. Корея Республикаси жаҳоннинг юксак тараққий этган ва улкан салоҳиятга эга давлатларидан бири. Мамлакат кўплаб соҳалар қатори, инновацион таълим соҳасида ҳам илғор тажрибаларни қўллаб келмоқда. Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан кўзлаган асосий мақсадимиз ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлашда Корея миллий тажрибасининг ўзига хос ютуқларини ўрганиб, амалиётга татбиқ этишдир. Бу борада кореялик ҳамкорларимизда қизиқиш юқори ва биз буни қадрлаймиз, – деди ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов.
Корея миллий полиция университети президенти жаноб Ли Чёл Гу самимий мулоқот учун миннатдорлик билдирган ҳолда халқларимиз ўртасидаги асрий алоқаларни юксак даражада қадрлашини айтиб ўтди. Мартабали меҳмоннинг эътирофича, Ўзбекистон заминида илм-фан қадим-қадимдан равнақ топган. Бугунги Янги Ўзбекистон ўтмиши бой ва келажаги порлоқ мамлакат сифатида тараққиётнинг ўзига хос йўлидан жадал юксалиб бормоқда. Мамлакатда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган халқчил сиёсат ўзининг ижобий натижаларини кўрсатаяпти.
Конструктив ва очиқ руҳда ўтган музокара жараёнида яқин истиқболдаги режалар, хусусан, таълим муассасалари ўртасидаги англашув меморандуми ҳамда “йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг амалий натижаси ҳақида фикр алмашилди. Унга кўра, 2021/2022-ўқув йили давомида ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар учун Корея миллий полиция университетида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, хавфсиз туризм, IT технологиялар, кибержиноятларни фош этиш ва тергов қилиш каби йўналишларда малака ошириш курслари ташкил этилади. Томонлар Жанубий кореялик малакали мутахассисларни узоқ муддатга ИИВ Академиясига тажриба алмашиш учун юбориш, алмашув (паритет) асосида курсантларни ўқитиш, замонавий глобал таҳдидларнинг олдини олишга йўналтирилган мастер-класс машғулотларини ташкил этиш, ахборот технологиялари, илмий-техникавий ва интеллектуал ҳамкорликни йўлга қўйиш, маданий алоқаларни кенгайтириш борасида бир-бирларини қўллаб-қувватладилар.
Шу куни делегация аъзолари Академиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш салоҳияти билан яқиндан танишдилар. Маънавият ва маърифат маркази, Академия тарихи музейи, спорт иншоотлари, Ахборот-ресурс маркази, “Турон қоплони Жалолиддин Мангуберди” ва “Буюк соҳибқирон Амир Темур” хоналари меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Жаноб Ли Чёл Гу таълим самарадорлигини ошириш мақсадида ўқув тезкор-тергов гуруҳлари учун махсус жиҳозланган автобусларни кўздан кечириб, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашнинг ўзига хос ёндашувига юқори баҳо берди.
– Амир Темур шахси, унинг марказлашган давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, хусусан, кўҳна Самарқандни илм-фан марказига айлантиргани ҳақида кўп маълумотларга эгаман. Бугун дунёнинг айрим мамлакатларида Амир Темурнинг жанг қилиш санъати ўқитиб келинмоқда. “Темур тузуклари” китобининг тўрт тилда нашр этилган нусхаси мен учун қадрли туҳфа бўлди. Буюк аждодларингиз қолдирган улкан мерос ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаши беқиёс, – деди мартабали меҳмон.
Куннинг иккинчи ярмида кореялик мутахассислар томонидан Академия курсантлари ва профессор-ўқитувчилари учун мастер-класс машғулотлари ўтказилди. Унда “Полиция фаолиятининг умумий тамойиллари”, “Профайлинг, жиноятчи психологияси психологик тамойиллари ва асосларини қўллаш”, “Жиноятларни олдини олиш ва тергов қилишда дрон қурилмалардан фойдаланиш”, “Жиноятларни тергов қилишда бармоқ излари, ДНК, изларни таҳлил қилиш усуллари” мавзуида Корея тажрибасида қўлланилаётган илғор ёндашувлар мультимедиали тақдимот тарзида тушунтириб ўтилди.
Делегация аъзаларининг ташрифи давом этмоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати