Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Замон ва макон танламас хазина

05 Февраль 2022, 06:02

1860

Буюк шоир ва мутаффакир ҳазрат Алишер Навоийнинг ижоди ҳар бир давр учун бебаҳо хазина бўлиб келган. Бу улкан маънавий-илмий мерос тараққиётга юз тутган бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотгани йўқ, аксинча, жаҳон аҳлини ўзига чорлаб келмоқда. Шунинг ўзиёқ, Навоий даҳосига бўлган эҳтиромнинг юксак ифодаси, дейиш мумкин.

Ички ишлар вазирлиги академиясида адабиётшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар ва курсант ёшлар иштирокида ўтказилган тадбир Навоий асарларининг тарбиявий аҳамиятига бағишланди. Адабиёт кечасини ўқув даргоҳи бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳусниддин Давронов очиб, мутафаккир бобомиз бой маънавий мероси билан инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда буюк аждодимиз асарларида илгари сурилган умумбашарий ғоялар, ўлмас фикр ва қарашлар жамиятда инсон қадрини улуғлашга, мамлакат тақдири учун муносиб авлодларни камол топтиришга, ёшларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди. Биробарин, Ватанга чексиз меҳр-муҳаббат, она тилимизга эътибор ва ғамхўрлик туйғулари Навоий асарлари орқали қалбимизга сингади. Бу улкан меросни қанча кўп тарғиб этсак, ўқиб-ўргансак, маъно-мағзини теран англасак, халқимизнинг маънавий ҳаёти шунчалик ойдин ва фаровон бўлади.

– Ҳазрат Навоийнинг умрбоқий асарлари асрлар оша дунё халқлари адабиётининг бебаҳо гултожи бўлиб келмоқда, – деди Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими, филология фанлари номзоди, доцент Эргаш Очилов. – Бобомиз бутун ҳаётини туркий тил равнақига бағишлади ва ҳақли равишда Уйғониш даврининг етук вакиллари қаторидан жой олди. Жаҳонда Алишер Навоийдек асарлари кенг тарқалган, илмий-тадқиқ қилинган алломалар жуда оз. Шоир ижодига ҳозирги кунда ҳам қизиқиш юқори, унинг девон ва асарлари инглиз, рус, француз, форс, ҳинд, турк, озарбайжон сингари кўплаб тилларга таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этилмоқда.

Эътироф этилганидек, буюк аждодимиз меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шоир таваллудининг адабиёт байрами сифатида тантана қилинаётгани баркамол авлод таълим-тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Адабиёт кечасида Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Навоий ғазалларининг ўзбек, рус ва инглиз тилларида янграгани, шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги саҳна кўриниши, иқтидорли ёшларнинг ўз ижод намуналаридан ёд айтгани меҳмонларда улкан таассурот қолдирди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech