Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеи ошиб бормоқда. Гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ИИВ Академиясида ўтказилган илмий-амалий анжуманнинг асосий мавзуси бўлди.
Анжуманда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази директори Муқаддам Расулова, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва курсант қизлари иштирок этди.
Тадбир аввалида Академия раҳбари Рустам Хатамов хотин-қизлар масаласи “Инсон қадри учун” деган ғоя асосида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, кейинги олти йилда хотин-қизлар масалаларига оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бугунги кунда 2 минг нафарга яқин хотин-қизлар давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизи хотин-қизлар эканини таъкидлаш жоиз. Бундан олти йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам қарийб беш баробар кўпайиб, олий таълим олаётган талабалар орасида қизлар улуши 50 фоизга етди.
– Мамлакатимизнинг бу борада олиб бораётган ислоҳотлари халқаро рейтинг агентликлари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Хусусан, “Open Data Watch” ташкилотининг Очиқ гендер маълумотлари индексида Ўзбекистон 195 давлат орасида 18-ўринни қайд этиб, дастлабки йигирматаликдан жой олди. Аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ролини тубдан оширишга қаратилган ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ошишига хизмат қилмоқда, – деди Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова.
– Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича энг қуйи бўғингача кириб борадиган вертикал тизим яратилган. Асосий мақсадимиз ҳар бир аёл, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож, оиласида низоли вазиятлар бор бўлган хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашишдир, – деди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева.
Илмий-амалий анжуманда хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларни ўқитиш, касб-ҳунарга йўналтириш, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш, айниқса жамиятда ўз ўрнини топа олмаган, адашиб жиноят кўчасига кириб қолган аёлларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имконият ва имтиёзлар эътироф этилди. 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича белгиланган устувор мақсад ҳамда вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир доирасида “Ишга марҳамат” мономаркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган курсантларга сертификатлар топширилди. Шунингдек меҳмонлар Академия курсант қизлари учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, хусусан, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, турмушга тайёрлаш мақсадида йўлга қўйилган тўгараклар ҳамда таълим жараёнига татбиқ қилинган инновацион ёндашувлар билан танишдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати