25-26 сентябрь кунлари ИИВ Академиясида БМТнинг Терроризмга қарши курашиш маркази (UNCCT) томонидан икки кунлик семинар ўтказилди.
Тадбир Европа Иттифоқи кўмаги ва қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида терроризмга қарши курашишда ўзаро тажриба алмашиш, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига янги ёндашувларни татбиқ этиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда терроризмга қарши курашиш бўйича миллий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Семинар очилишида Академия бошлиғи Рустам Хатамов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриен, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори Консуело Видал Брюс ва бошқалар сўзга чиқди.
– Ҳозирда Ўзбекистон БМТнинг терроризмга қарши курашиш бўйича барча халқаро шартномаларини ратификация қилган, – деди Академия бошлиғи. – Мамлакатимиз олиб бораётган сиёсат ва унинг жаҳон минбарларидан эълон қилинган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан қатъий қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўринда 2022 йилнинг март ойида Тошкентда ўтказилган юқори даражадаги халқаро конференцияни алоҳида эътироф этиш жоиз. Мазкур анжуман якунлари бўйича “Тошкент декларацияси”, шунингдек БМТнинг “Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегиясини амалга ошириш бўйича янгиланган Қўшма ҳаракатлар режаси” қабул қилинди. Аҳамиятли жиҳати, ҳаракатлар режасида терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашиш бўйича жаҳон ҳамжамиятининг ташаббус ва мақсадлари назарда тутилган.
Хорижий ва маҳаллий экспертлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа ваколатли органлар масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этган семинарда терроризмга қарши курашишнинг технологик жиҳатларини такомиллаштириш, халқаро ва минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг салоҳиятини ошириш, ушбу мураккаб жараёнларда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Терроризмга қарши курашишда янги технологияларни жорий этиш, глобал хавф-хатарларни прогноз қилиш, бу борада илғор ахборот-коммуникация технологиялари компаниялари билан ҳамкорликни фаоллаштириш, замонавий ёндашувларни оммалаштириш долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Халқаро экспертлар томонидан терроризмга қарши курашишда юзага келаётган тенденциялар, технологик ютуқларнинг имкониятлари ва истиқболлари ҳақида маълумот берилиб, БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармасининг “Киберхавфсизлик ва янги технологиялар бўйича глобал дастур”ига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати