Ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ. Мустақиллик йиллари миллий тараққиёт йўлимизда эришган улкан ютуқларга назар солсак, бунинг фундаментал асоси ва ҳуқуқий негизини Асосий қомусимиз ташкил этишини кўриш мумкин.
Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази масъул ходимлари, парламент аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, шунингдек Жамоат хавфсизлиги университети, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ва Академия профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Анжуман аввалида таълим муассасаси бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, Бош Қомусимиз тараққий топган мамлакатлар тажрибаси ва миллий давлатчилик тарихимизнинг бой қадриятларига таянган ҳолда яратилгани, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирганини алоҳида эътироф этди.
– Юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил ҳаётимизга чуқур татбиқ этилмоқда. Эътиборли жиҳати, стратегияда юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланган. Муҳтарам Президентимиз бу ҳақда тўхталиб, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз”, - дея алоҳида таъкидладилар. Бунинг эзгу самараси Бош қомусимизда ўз аксини топган “халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилади”, деган улуғвор тамойилнинг ҳаётимизда мустаҳкам қарор топишига, жамиятда инсон омилини юксак даражада қадрлашга хизмат қилади, – деди Академия бошлиғи.
Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси жамиятимизнинг мустаҳкам пойдевори сифатида юртимиз фуқароларининг бугунги ҳаёти ва эртанги келажагини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўтган давр мобайнида Конституциямиз моҳиятига сингдирилган тамойилларни ҳаётга изчил татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради. Айнан шу сабабли ҳам, Бош қомусимизни эҳтиром билан улуғлашимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига чуқур сингдиришимиз лозим.
Илмий-амалий анжуман меҳмонлари “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашда конституциявий одил судлов органи”, “Миллатлараро ҳамжиҳатлик ва динлараро бағрикенгликнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари”, “Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги роли”, “Янги Ўзбекистон конституциявий қонунчилигини такомиллаштириш истиқболлари” мавзуларида маъруза қилиб, Бош Қомусимизнинг мамлакатимиз тақдири, жамият фаровонлиги, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда беқиёс аҳамият касб этувчи муҳим ҳужжат эканлигини айтиб ўтдилар.
Академия илмий тадқиқотчилари, магистратура тингловчилари ва кундузги таълим бакалавриати курсантлари иштирок этган илмий анжуман давомида экспертлар томонидан долзарб фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди. Анжуман доирасида Ахборот-ресурс маркази қошида китоб ярмаркаси ҳам ташкил қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати