Йўл-транспорт ҳодисаларига оид жиноят ишларини тергов қилишда бир қанча турдаги экспертизалар тайинланади. Шулардан бири транспорт-трасология экспертизаси бўлиб, терговчи унинг натижасига қараб йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида муайян хулосаларга келади.
ИИВ Академиясининг Тергов фаолияти кафедраси томонидан ташкил этилган давра суҳбати суд-тергов амалиётида автотехника ва транспорт-трасология экспертизалари билан боғлиқ айрим муаммоларга бағишланди. Кундузги таълимнинг “тергов фаолияти” ихтисослик йўналишида таҳсил олаётган курсантлар, кафедра профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар иштирок этган тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика маркази катта эксперти, капитан Омонбой Араббоев таклиф қилинди.
Амалиёт ходими йўл-транспорт ҳодисалари бўйича экспертиза тайинлашда суриштирувчи ва терговчи томонидан ҳал этиладиган саволлар, ҳодиса жойида амалга ошириладиган процессуал ҳаракатлар, айниқса тергов экспериментини ўтказиш, далил ва маълумотларни тўплаш, уларни чуқур таҳлил қилишнинг аҳамияти ва бошқа муҳим жиҳатларга тўхталди. Айни мавзуга оид курсантларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берди.
Айтиш жоизки, иш ўрганиш амалиёти ва битируволди ўтказилаётган бундай тадбирлар курсантлар учун назарий билимларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш, уларда танлаган соҳасига оид зарур касбий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати