Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Таълимдаги ҳамкорлик – Янги Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилади

04 Ноябрь 2025, 10:11

28

ИИВ академияси вакиллари Жамоат хавфсизлиги университети фаолияти билан танишди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ўқув муассасалари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзаро тажриба алмашинуви ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун профессионал кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда. Галдаги танишув университет фаолиятидаги ютуқларни ўрганишда муҳим аҳамият касб этди.

Академия раҳбари Рустам Хатамов бошчилигидаги бир гуруҳ вакиллар университетдаги янгиланишлар, таълим жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар, ўқув бинолари, амалий машғулот хоналари, спорт мажмуаси ва бошқа масканларда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Бугунги кунда университетда икки босқичли таълим тизими йўлга қўйилган бўлиб, бакалавриатда 15 та, магистратурада эса 8 та йўналиш бўйича кадрлар тайёрланади. Назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида дуал таълим тизими жорий қилинган. Ўқув даргоҳида 200 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатиб келмоқда.

Яна бир жиҳати, университетда умумфуқаровий асосда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, талабаларга юриспруденция, иқтисодиёт ва психология йўналишлари бўйича таълим берилади.

Танишув чоғида ўқув-услубий ва илмий фаолиятни ташкил этиш, битирувчиларнинг фанларни ўзлаштирганлик кўрсаткичлари ва касбий тайёргарлигини баҳолаш, хорижий давлатлар ютуқларини амалиётга жорий этиш, таълимни рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Инновацион технологиялар билан жиҳозланган марказларнинг имкониятлари ўрганилди. Академия вакилларига кейинги йилларда эришилган натижалар ва истиқболдаги стратегик мақсадлар ҳақида маълумот берилди.

Ўқув муассасалари раҳбарлари таълимда қўлланилаётган ёндашувларни оммалаштириш, замонавий хатарларни инобатга олган ҳолда ихтисослик йўналишлари бўйича ўқитишни чуқурлаштириш, икки томонлама ҳамкорликни ва тажриба алмашинувини янада кенгайтиришга келишиб олди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech