Ички ишлар вазирлиги академиясида сиртқи таълим йўналиши давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сон қарори билан ташкил этилган эди.
Сиртқи таълим факультетида ички ишлар органларида камида уч йиллик иш стажига эга ходимларнинг таълим олиши, ўқиш муддати олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун тўрт йил ҳамда олий маълумотга эга бўлган шахслар учун тўлов-контракт асосида уч йилни ташкил этиши назарда тутилган. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2021 йил 15 апрелдаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Академиянинг сиртқи таълим шаклига бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Қуролли Кучларда камида уч йиллик ҳарбий хизмат (хизмат) стажига эга бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланди.
Тизим олдидаги устувор вазифалардан келиб чиқиб факультетда таълим жараёнлари замон талаблари даражасида ташкил этиб келинмоқда. Ўқув жараёнининг самарали педагогик ёндашувлар, хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари ва интерфаол методлар ёрдамида ўтказилаётгани тингловчиларнинг мутахассисликка оид билим ҳамда амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 3–23 февраль кунлари факультетнинг 3-босқич тингловчилари учун навбатдаги ўқув йиғини ташкил этилди. Йиғин давомида “Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси. Фуқаролик жамияти”, “Ахборот хавфсизлиги асослари”, “Ички ишлар органларида бошқарув ва ахборот-таҳлил фаолияти асослари”, “Ички ишлар органлари тезкор аппаратларининг ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолияти”, “Тезкор-қидирув фаолияти”, “Тергов фаолияти”, “Ички ишлар органлари профилактик фаолияти”, “Профилактика инспекторининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш фаолияти”, “Жиноят-ижроия ҳуқуқи”, “Жиноят-процессуал ҳуқуқ”, “Касбий психология” ва бошқа фанлар доирасида жами 94 соатлик машғулотлар ўтказилди. Дарс машғулотларига таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари билан бирга, ички ишлар органларининг тажрибали амалиёт ходимлари жалб қилинди.
Айтиш жоизки, факультетда тингловчиларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ва таълим ресурсларидан фойдаланишлари учун барча имкониятлар яратилган. Бундан ташқари, таълимнинг масофадан ўқитиш тизими ҳам кенг татбиқ этилган. Ўқув йилининг биринчи ярмида тасдиқланган дастур асосида жами 60 соатлик онлайн машғулотлар ўтказилди.
Мутахассисларнинг фикрича, сирқти таълим йўналишида кадрларни тайёрлашдан мақсад ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини янада такомиллаштиришдан иборатдир.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати