Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

САЛОҲИЯТЛИ КАДРЛАР ИСЛОҲОТЛАР ТАҚДИРИНИ БЕЛГИЛАЙДИ

28 Октябрь 2023, 01:10

853

Юртимиздаги янгиланишлар, изчил ислоҳотлар даврида ички ишлар органлари фаолияти ҳам мутлақо янгича мазмун-моҳият касб этди. Тизимни аҳолига яқинлаштириш ва чинакам халқчил тузилма сифатида шакллантириш мақсадида амалиётга янгича механизмлар жорий қилинди. Бунда, энг аввало, аҳоли билан манзилли ишлаш, фуқароларни ташвишга солаётган масалаларни жойида ҳал этиш, ҳудудларнинг криминоген вазиятига таъсир кўрсатаётган омилларни баратаф этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш орқали жиноятчиликни жиловлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган байрам табригида  ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилганини алоҳида таъкидлади.

Чиндан ҳам, кейинги йилларда тизимни ҳар жиҳатдан профессионал кадрлар билан таъминлаш борасида мутлақо янги босқичга қадам қўйилди. Ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, болалигидан касбга йўналтириш, юқори малакали ҳуқуқшунос сифатида тайёрлаш мақсадида ихтисослашган мактаб-интернат, идоравий академик лицейлар ташкил қилиниб, таълимнинг узлуксиз жараёни йўлга қўйилган бўлса, Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти миллий ва халқаро тажрибанинг илғор ёндашувлари асосида тубдан такомиллаштирилди.

Бугунги кунда академияда бакалавриат ва магистратурадан иборат икки босқичли олий таълим тизими жорий қилинган. Бакалавриат босқичи 9 та ихтисослик йўналишини ўз ичига олиб, унда курсантлар модулли тизим асосида таълим олади. Ўқув жараёнларининг 60 фоизи назария, қолган 40 фоизи амалиётга қаратилган бўлиб, курсантлар биринчи курсдан бошлаб мутахассислик, юридик, жанговар ва жисмоний билим ҳамда кўникмаларни ўзлаштириб боради.

Таълим сифатини ошириш мақсадида ҳудудий ички ишлар органлари соҳавий хизматлари раҳбарлари иштирокида онлайн маҳорат дарслари ўтказиш, курсантларнинг ўқув тезкор-тергов гуруҳлари таркибида ҳодиса жойига чиққан ҳолда амалий кўникмаларини шакллантириш, ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ва ҳудудий бўлинмаларида базавий амалиётлар ташкил қилиш, шунингдек, “Мулоқот” клуби, “Финал” комплекс ўқув машғулотлари ҳамда сайёр суд мажлислари орқали курсантларни касбга йўналтирувчи механизмлар йўлга қўйилган.

Янги Ўзбекистонда янги ички ишлар органларини тўла қарор топтириш йўлидаги ислоҳотлар соҳа ходимлари, айниқса, раҳбар кадрлар олдига долзарб талаб ва мезонларни қўймоқда. Ҳозирги замон раҳбари етук, салоҳиятли, ватанпарвар ва фидоий, муваффақият сари интилувчи, жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир, том маънода омилкор бошқарувчи бўлиши шарт. Академия магистратурасида “универсал раҳбар” тизими жорий этилгани шундай кадрларни тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталиб, ҳар бир ходим навбатдаги унвонни олиши учун мажбурий тарзда касбий малакасини ошириши, раҳбарлик лавозимига тайинланиши учун Ички ишлар вазирлиги академиясининг бошқарув магистратурасида таҳсил олиши белгилангани ижобий самара бераётганини алоҳида қайд этди.

Шу ўринда яна бир жиҳатни айтиш лозим. Тизимдаги янгиланишлар натижасида жиноятчиликни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш амалиёти йўлга қўйилди. Мазкур йўналишда академия профессор-ўқитувчилари томонидан республикамизнинг барча ҳудудлари, айниқса, жиноятлар салмоғи юқори маҳаллаларда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари, уларга имкон берган шарт-шароитлар, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар илмий таҳлил қилиниб, жиноятчиликни жиловлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар, методик қўлланмалар ишлаб чиқилмоқда ҳамда амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.

Жорий ўқув йилидан мазкур фаолиятни такомиллаштириш мақсадида янги тизимга ўтилди. Унга кўра, академиянинг ихтисослик ва юридик кафедралари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига бириктирилиб, ҳудудларнинг криминоген ҳолатини ўрганиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ички ишлар органларига методик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, таълим муассасасини тамомлаган ёш ходимлар фаолиятини мониторинг қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Президентимиз мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида ушбу йилдан “маҳалла еттилиги” тизими жорий қилингани, профилактика инспектори ана шу тизимнинг энг фаол аъзоси сифатида аҳоли муаммоларини ҳал этишга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга оширишига ҳам эътибор қаратди. Мазкур фаолиятни илмий-методик жиҳатдан таъминлаш эса маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари табригида эътироф этилган янгиланишлар, долзарб аҳамиятга эга вазифалар тизимнинг барча ходимлари, айниқса, академия жамоасига улкан масъулият юклайди. Чунки ҳамма соҳаларда бўлгани каби ички ишлар тизимида ҳам юксак малакали, замонавий фикрлайдиган, ўз касбига, Ватанимиз ва халқимизга содиқ кадрлар ислоҳотлар тақдирини белгилаб беради. Бунинг учун ҳар биримиз, аввало, шахсий фазилатларимиз билан ёш авлодга ўрнак бўлишимиз керак. Янги Ўзбекистонда янги ички ишлар органларини тўла қарор топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз ана шу мезонларга боғлиқ.

 Жамшид ХОЛОВ,

ИИВ академияси ахборот хизмати мутахассиси, капитан

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech