Пойтахтимиздаги ИИВ Академияси оталиққа олган 121-сонли ўрта умутаълим мактабида Рақамли технологиялар ўқув маркази очилди.
Маросимда туман ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Халқ таълими бўлими вакиллари, ИИВ Академияси раҳбарияти, маҳалла фаоллари, таълим маскани устоз-мураббийлари ва ўқувчилари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббус асосида ташкил этилган инновацион марказнинг қулай имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтишди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 6 октябрда қабул қилинган “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда ахборот технологияларини ўқитишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилган. Мазкур ўқув маркази ёшларнинг компютер технологияларидан кенг ва самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади, – деди Академиянинг Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бошлиғи, полковник Алишер Абдуллаев.
Айтиш керакки, ўқув маркази учун мактаб биносидан учта синфхона ажратилиб, тўлиқ реконструкция қилинди. Ҳар бир хона сўнгги русумдаги компьютер ускуналари, шинам мебеллар, интернет тармоғи ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Мутахассисларнинг айтишича, маскан нафақат ўқувчи ёшлар, балки кенг аҳоли вакилларига хизмат қилишга мўлжалланган. IT технологияларга қизиқувчилар “Компьютер саводхонлиги”, “Веб дастурлаш”, “График дизайн, “Мобиль иловалар яратиш”, “Хорижий тилларни ўрганиш” ва бошқа йўналишлар бўйича ўз билимларини янада ошириш имконига эга бўладилар. Бир сўз билан айтганда, янги ўқув маркази туман ёшларига ўзига хос туҳфа бўлди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати