Давлатимиз раҳбари раислигида ўтган йилнинг 11 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш масаласи танқидий муҳокама қилиниб, автомактабларда таълим сифатини назорат қилиш, ҳайдовчиликка ўқитиш самарадорлиги ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Бу борадаги ишларни жадаллаштириш мақсадида Президентимизнинг “Автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” (2022 йил 4 апрель) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда уларни имтиҳондан ўтказиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари (2022 йил 20 июль) қабул қилинди. Автомактабларнинг инновацион педагогик технологияларга асосланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларни шартнома асосида қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан амалга оширилиши назарда тутилди.
Мазкур устувор вазифалардан келиб чиқиб, таълим муассасасида Автомактаблар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилди. Айтиш жоизки, марказ фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида ўтган давр мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилди. Тегишли вазирлик, идора ва муассасалар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, автомактабларнинг ўқув методологияси, қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурлари миллий ҳамда хорижий тажрибанинг илғор жиҳатлари асосида янгидан ишлаб чиқилди. Тингловчиларнинг ўзлаштириш муддати ўқув режасига киритилган фанлар сони ҳамда юкламалар ҳажмидан келиб чиқиб тақсимланди: бунда ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларни қайта тайёрлаш учун 72, ҳайдовчи-йўриқчиларнинг малакасини ошириш учун 90 ҳамда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш учун 144 соат этиб белгиланди.
Жорий йилнинг 6 март куни Академия базасида пойтахтимиз ва Тошкент вилояти минтақасидаги автомактабларнинг 214 нафар ўқитувчи ҳамда ҳайдовчи-йўриқчи иштирокида дастлабки ўқув курси ташкил қилинди. Машғулотлар иккита ўқув модули доирасида “Таълим ва йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик. Ҳуқуқий жавобгарлик”, “Педагогик психология, этика ва маданият”, “Инновацион таълим технологиялари”, “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш методикаси”, “Педагогик фаолиятда ахборот-коммуникацион технологиялар”, “Йўл ҳаракати қоидалари”, “Автотранспорт воситаларини хавфсиз бошқариш ва ҳаракат хавфсизлиги асослари”, “Йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлили, келиб чиқиш сабаблари ва профильактикаси”, “Ҳайдовчи маданияти” фанларидан олиб борилмоқда.
Ўқув жараёнини самарали ёндашувлар асосида амалга ошириш мақсадида машғулотларга ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари, шунингдек Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети ва бошқа етакчи муассасалардан маҳоратли илмий-педагоглар жалб қилинган. Икки ҳафталик машғулотлар давомида тингловчилардан тест шаклида оралиқ ва якуний назорат имтиҳонларини қабул қилинади ҳамда ўқув курсини муваффақиятли тамомлаганларга диплом берилади.
Мухтасар қилиб айтганда, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Марказ фаолиятидан кўзланган мақсад ҳам тизимдаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ва энг муҳими, инсон ҳаёти ва соғлиғини ҳар қандай ҳодисалардан кафолатли ҳимоя қилишдир.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати