Давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида жиноятчиликни жиловлашнинг самарали механизмлари амалиётга татбиқ қилинмоқда. Айниқса криминоген вазияти мураккаб ҳудудларда ишнинг манзилли ёндашув асосида ташкил қилинаётгани содир этилган ҳар бир жиноий хатти-ҳаракатнинг асл сабабларини ўрганиш ва бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда “фуқаробай” ишлаш бўйича методик қўлланмалар яратилиб, республикамизнинг криминоген вазияти оғир минтақалари, жумладан, Термиз шаҳридаги “Мажнунтол” маҳалласида ҳам татбиқ қилинган эди. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган профилактик чора-тадбирлар натижасида маҳалладаги аҳвол сезиларли даражада ўзгарди. Хусусан, жорий йилнинг 11 ойида 8 та жиноят қайд этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 тага камайгани ҳолда маҳалла “сариқ” тоифадаги ҳудудга ўтказилди.
Аммо бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар мавжудлиги, айрим жойларда жиноятчилик аҳволининг ўзгаришсиз қолаётгани Ички ишлар вазирлиги академияси ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида аён бўлди. Маълумотларга кўра, маҳалла ҳудудидаги энг кўп жиноятлар деҳқон ва буюм бозорларида содир этилмоқда. Бунга бир томондан савдо мажмуасининг мунтазам аҳоли билан гавжумлиги сабаб бўлаётган бўлса, иккинчи томондан, фуқароларнинг ўз мол-мулкини қаровсиз қолдираётгани, ҳудуддаги аксарият савдо ва хизмат кўрсатиш масканларининг қўриқловга олинмагани асосий омил бўлмоқда. Мазкур ҳолатларни батараф этиш мақсадида ишчи гуруҳи томонидан содир этилган ҳар бир жиноятнинг сабаблари, бунга имкон бераётган шарт-шароитлар маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари иштирокида чуқур таҳлил қилинди. Жиноятчиликни жиловлаш ва барвақт олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Айтиш жоизки, ичши гуруҳи томонидан Термиз шаҳрида жиноятчиликни жиловлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам илмий асосда ўрганилди. Маълум бўлишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мавжуд 37 та маҳалланинг 5 тасида умуман жиноят содир этилмаган, 17 та маҳаллада жиноятлар камайган бўлса, яна 2 та маҳалланинг криминоген вазияти барқарор сақланган. Қолган маҳалларда эса жиноятлар салмоғи, хусусан, безорилик, товламачилик, ўғирлик, фирибгарлик кабилар ортган. Таҳлилларга кўра, фирибгарлик жиноятининг 70 фоиздан ортиғи доимий иш билан банд бўлмаган қатлам, салкам 5 фоизи эса муқаддам судланганлар томонидан содир этилган. Мазкур ҳолатларнинг сабаблари жойларга чиқиб ўрганилганда, айрим фуқароларнинг ўзига тегишли мол-мулкни бегона шахсларга ишониб топшириши ва бошқа омиллар фирибгарликнинг кўпайишига олиб келаётгани, ўғирлик жинояти асосан кўп қаватли уйлар атрофи, кузатув камералари ва тунги ёритувчи чироқлар ўрнатилмаган жойларда тез-тез содир этилаётгани аниқланди.
Термиз шаҳар ички ишлар органлари томонидан жорий йил бошидан 1570 нафар фуқаро билан манзилли профилактик ишлар олиб борилиб, 55 та оиладаги келишмовчилик бартараф этилган. Жабрланган 104 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилиб, жамоат жойларида ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар билан профилактик ишлар амалга оширилган. Илмий ёндашувлар шуни кўрсатадики, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишда янгича иш услубларидан фойдаланилмаяпти. Профилактика инспекторларининг ўз ҳудудидаги криминоген вазиятни таҳлил қилиб бормаслиги, жиноятларнинг сабаб ҳамда шарт-шароитлари чуқур ўрганилмаётгани, айрим ходимларда соҳага оид билим ва касбий салоҳиятнинг етишмаслиги ишни самарали ёндашувлар асосида олиб бориш имконини бермаяпти.
Ишчи гуруҳи вакиллари иштирокида жойларда ташкил эитлган учрашувлар чоғида мавжуд муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди. Ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари ходимларига амалдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги ишларни юритишнинг самарали услублари илмий-амалий жиҳатдан тушунтирилди. Соҳа ходимлари билан профилактик суҳбат ҳамда аноним сўровнома ўтказилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ўрганилди.
Криминоген аҳволи оғир бўлган ҳудудлардаги вазият бевосита жойига чиққан ҳолда батафсил ўрганилди. Хусусан, Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов ва вилоят ИИБ бошлиғи Абдувоҳид Исмоилов Термиз шаҳрининг “Мажнунтол” маҳалла фуқаролар йиғинида тегишли соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари, маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари иштирокида йиғилиш ўтказди. Мулоқот давомида маҳалла ҳудудида содир этилаётган жиноятларнинг барвақт олдини олиш, “фуқаробай” методикани амалиётга кенг татбиқ этиш, маҳаллани жиноятдан холи “яшил” ҳудудга айлантириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек Академия бошлиғи бир гуруҳ фаоллар ҳамроҳлигида Термиз деҳқон бозори ҳудудидаги ҳуқуқ-тартибот масканини кўздан кечирди. Мутасадди вакилларга бозор ҳудудида аҳолини ҳушёрлик ва огоҳликка чақирувчи аудиоэслатмалардан фойдаланиш, аҳоли гавжум кунларда патруль-пост хизмати ходимларини қўшимча йўналишларга жалб этиш орқали фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш бўйича тавсиялар берилди. Ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили “Тупроққўрғон” маҳалласидаги ҳуқуқ-тартибот маскани бўлди. Академия бошлиғи ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари билан суҳбатлашиб, аҳолининг “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган қатлами муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, вақтинча ишсизларни касб-ҳунарга йўналтириш, ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига манзилли ёндашиш бўйича фикр алмашди.
Бундан ташқари, вилоят Ички ишлар бошқармасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиш ҳам ўтказилди. Бошқарма раҳбарияти, соҳавий хизматлар, шунингдек шаҳар, туман ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла раислари иштирок этган йиғилишда муҳтарам Президентимизнинг инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлари ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ этишга, тизимни халқчил тузилмага айлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Сўнгги йилларда соҳанинг қўйи тизимлари такомиллаштирилиб, аҳолига сифатли ёрдам кўрсатадиган, муаммоларни ўз вақтида ҳал этадиган мобиль тизим яратилди. Соҳа ходимларининг ижтимоий шарт-шароитлари замон талабларига мос равишда яхшиланди. Ички ишлар органининг ҳар бир ходими давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, шарафли хизматга виждонан ва юқори масъулият билан ёндашиши, ўз фаолиятини танқидий баҳолаган ҳолда касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириб бориши, энг муҳими, қонунийлик ва хизмат интизомига оғишмай амал қилиши лозим.
Таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, бу борада мавжуд муаммоларнинг самарали ечимларини амалиётга татбиқ этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Академия вакиллари томонидан “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг “фуқаробай” ишлаш методикасини қўллаш бўйича тушунчалар берилиб, қўлланманинг мазмун-моҳияти, фаолиятга жорий қилиш усуллари кўргазмали методлар ёрдамида тушунтирилди. Соҳа ходимларининг касбий малакасини ошириш орқали ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ишларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, ҳудудларда “фуқаробай” ишлашни тизимли ташкил этиш лозимлиги қайд этилди.
Мухтасар қилиб айтганда, ИИВ Академияси ишчи гуруҳининг 5 – 18 декабрь кунлари Сурхондарё вилоятига амалга оширган хизмат сафари криминоген вазияти мураккаб ҳудудларда “фуқаробай” ишлаш методикасини амалда тўлиқ жорий этишда муҳим туртки бўлди. Бу эса муаммога қараб манзилли ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш орқали халқимизни рози қилишга замин яратилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати