Жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар маҳаллаларни обод ва хавфсиз ҳудудга айлантиришга қаратилган.
Айни кунларда ИИВ Академияси ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоятида ўрганишлар олиб борилмоқда. Бунда ҳар бир ҳудуднинг криминоген ҳолати, содир этилган жиноятлар сабаблари, уларга имкон яратган шарт-шароитлар, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилинмоқда.
Маълум бўлишича, ҳудудларда айрим жиноятлар сони камайган бўлса-да, умумий криминоген вазият ижобий томонга ўзгармаган. Хусусан, фирибгарлик, безорилик, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари ва бошқа турдаги жиноятлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган. Бугунги кунда маҳаллаларнинг 182 таси “яшил”, 67 таси “сариқ” ва қолган 59 таси “қизил” тоифага киритилган.
Ишчи гуруҳи вакиллари томонидан Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Дўстлик, Зарбдор, Зафаробод, Зомин, Мирзачўл, Пахтакор, Фориш туманларидаги криминоген вазияти мураккаб маҳаллалар жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Масъул раҳбарлар, секторлар мутасаддилари, “маҳалла бешлиги” вакиллари иштирокида жиноятчиликни кескин камайтириш, бунга сабаб бўлаётган ва шарт-шароит яратаётган омилларни бартараф этиш, аҳоли, айниқса ёшлар билан манзилли ишлаш, улар ўртасида профилактика ишларини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бундан ташқари, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарлари учун ўқув машғулоти ўтказилиб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш борасидаги долзарб талаблар етказилди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида амалга ошириш маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Жойлардаги учрашувлар чоғида мазкур фаолиятга татбиқ қилинган самарали механизмлар, айниқса Академия профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган медотик қўлланмаларнинг мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилмоқда. Албатта, бу ҳам фаолият натижадорлигини ошириши, шубҳасиз.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати