Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Магистратура битирувчиларига дипломлар топширилди

06 Август 2024, 12:08

1002

Ички ишлар вазирлиги академиясида магистратура тингловчиларининг битирув маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, таълим муассасаси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни академия бошлиғи Рустам Хатамов очиб, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этди. Кейинги йилларда соҳа учун кадрлар тайёрлаш жараёнлари янги босқичга олиб чиқилгани, академияда бакалавриат ва магистратурадан иборат икки босқичли таълим тизими самарали йўлга қўйилгани таъкидланди.

Таълим муассасаси раҳбари магистратуранинг устувор жиҳатларига тўхталар экан, ўқув жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар тингловчиларни ички ишлар органларининг асосий фаолият йўналишларини бошқаришга қодир универсал раҳбар этиб тайёрлашда муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.  

Шундан сўнг “ташкилий-стратегик бошқарув” ҳамда “ташкилий-тактик бошқарув” йўналишларини тамомлаган тингловчиларга биринчи ва иккинчи даражали магистр-юрист малакаси берувчи дипломлар тантанали равишда топширилди.

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармуҳаммедов битирувчиларни табриклаб, ҳозирги ислоҳотлар даврида раҳбар кадрлар олдида долзарб вазифалар турганини алоҳида таъкидлади. “Тизим халқчиллигини таъминлаш барча бўғиндаги раҳбарларга боғлиқ. Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз фаолиятини танқидий баҳолаб бориши, халқимизнинг дарду ташвиши билан яшаши, етук билими, бошқарув салоҳияти ва маънавий-ахлоқий фазилатларини намоён этиб, зиммасидаги ишончни муносиб оқлаши керак. Сизлар янги авлод кадрлари сифатида ана шундай масъулиятли йўл олдида турибсиз”, деди у.

Тадбирда битирувчилар номидан Темурбек Алтмишев ва Абдумалик Мажидовлар сўзга чиқиб, академиядаги замонавий таълим жараёнлари, тингловчилар учун яратилган имконият ва шароитларни эътироф этдилар. Сафдошларининг она Ватанимиз ва халқимизга юксак садоқат билан хизмат қилиш йўлидаги шарафли хизмат фаолиятларига муваффақият тиладилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech