Жорий йилнинг 4-8 декабрь кунлари ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари томонидан Самарқанд вилоятининг криминоген вазияти ўрганилди.
Фаолият давомида академия бошлиғи Рустам Хатамов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ вакиллари “қизил” тоифадаги маҳаллаларга чиқиб, ҳудудларнинг криминоген аҳволи билан яқиндан танишдилар. Хусусан, Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Самарқанд, Пастдарғом ва Булунғур туманларининг “Боғисарой”, “Абу Райҳон Беруний”, “Кумушкент”, “Янги ҳаёт”, “Ўзбекистон”, “Наврўз”, “Хўжа Аҳрор Валий”, “Бўзи”, “Янги ариқ”, “Гумбаз”, “Амир Темур”, “Меҳржон”, “Булунғур”, “Янгиқўрғон”, “Самарқанд”, “Улуғбек”, “Боғбон” маҳаллаларида бўлиб ўтган учрашувларда мавжуд ҳолат масъуллар ва “еттилик” аъзолари иштирокида муҳокама қилинди.
Таҳлилларга кўра, вилоятда фирибгарлик, ўғрилик, тан жароҳати етказиш, безорилик ва йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг салмоғи юқорилигича қолмоқда. Масалан, фирибгарликларнинг аксарияти фуқароларни хорижга юбориш, иш ёки ишга жойлаштириб қўйиш, уй-жой олди-сотдиси ва бошқа шу каби ҳолатларда содир қилинган. Ўғрилик жиноятларига эса аҳолининг ўз мол-мулкини қаровсиз қолдираётгани, жамоат жойлари ва аҳоли гавжум масканларнинг кузатув камералари билан тўлиқ қамраб олинмагани шарт-шароит яратмоқда.
Ўрганишлар жараёнида криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларга алоҳида эътибор қаратилди. Маҳалла фаолларига ижтимоий профилактикани самарали ташкил этиш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш, ёшлар, айниқса ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар билан манзилли профилактик тадбирлар ўтказиш, ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш, хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтириш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб тадбиркорликни ривожлантириш орқали жиноятчиликни жиловлаш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарлари ва соҳавий хизматлар раҳбарлари учун қисқа муддатли ўқув семинари ташкил этилиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва криминоген вазиятни яхшилаш бўйича талаблар етказилди.
Бир сўз билан айтганда, “маҳаллабай” тизим асосида олиб борилган ўрганишлар давомида ҳудудларнинг криминоген вазиятига боғлиқ ҳеч бир масала эътибордан четда қолгани йўқ. Галдаги устувор вазифа жиноятчиликнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган таклифларни амалиётга самарали татбиқ этишдир.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати