Ички ишлар вазирлиги академияси вакилларидан иборат делегация аъзолари Туркия Республикасида бўлди. Самимий учрашув ва мулоқотлар чоғида кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Кун тартибидаги асосий тадбирларга пойтахт Анқара шаҳри мезбонлик қилди. Туркия жандармерия ва соҳил хавфсизлиги академиясида таълим муассасалари раҳбарларининг кенгайтирилган доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар бир-бирларини қутлаган ҳолда Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг ҳозирги ҳолатига юқори баҳо бердилар.
“Биз илдизи муштарак ва келажаги порлоқ икки буюк миллат вакилларимиз. Халқларимизни шонли тарих, ўхшаш маданият ва миллий анъаналарга асосланган қардошлик муносабатлари бирлаштириб туради. Тарих синовидан ўтган алоқаларнинг асрлар давомида ривожланиб келгани туркий халқлар цивилизацияси ривожида муҳим ўрин тутганини алоҳида эътироф этиш жоиз”, - деди Туркия жандармерия ва соҳил хавфсизлиги академияси бошлиғи Мурат Булут.
– Сизнинг ўтган йил июль ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифингиз чоғида икки томонлама ҳамкорликка тамал тоши қўйган эдик, – деди делегация раҳбари Рустам Хатамов. – Бугунги амалий ташрифдан истиқболли келишувларни мустаҳкамлаш орқали алоқаларни янада ривожлантиришни мақсад қилганмиз. Ўйлайманки, самимий руҳда ўтаётган бугунги учрашувда кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича ижобий натижаларга эришамиз.
Мулоқот давомида ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Таълим муассасалари раҳбарлари ҳамкорлик меморандумини имзолаб, таълим самарадорлигини оширишнинг янги йўналишлари бўйича келишувга эришдилар.
Айтиш жоизки, Туркия миллий полиция академияси мамлакатдаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири саналади. 2018 йил 6 мартда Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Туркия миллий полиция академияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланган эди ва мазкур ҳужжат ўзаро алоқаларни сифат жиҳатдан юбори босқичга олиб чиқишда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.
Полиция академиясида бўлиб ўтган учрашувда ўқув маскани бошлиғи жаноб Йилмаз Чолак ўзбекистонлик ҳамкасбини самимий қутлаб, ўзаро ҳамкорликни равнақ топтириш учун ҳар икки томонда улкан салоҳият ва имконият мавжудлигини алоҳида таъкидлади. Унинг эътироф этишича, Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари йилдан-йилга янги босқичга кўтарилмоқда, айниқса икки мамлакат етакчилари ўртасидаги дўстона алоқалар муносабатлар тарихида мутлақо янги саҳифа очилишига имкон яратди.
– Жаҳонда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда манфаатли алоқаларни жадал давом эттириш, кадрлар тайёрлаш ва таълим жараёнида илғор ёндашувларни оммалаштириш, ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда, – деди Рустам Хатамов. – Сиз раҳбарлик қилаётган полиция академиясида йўлга қўйилган замонавий тажрибалар соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларимиз ва ходимларнинг касбий малакасини ошириш, ўқув жараёнига интерфаол методларни самарали татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
Музокара якунида таълим муассасалари раҳбарлари 2022–2023 йилларга мўлжалланган амалий ҳамкорлик бўйича тадбирлар режасини имзоладилар. Жаноб Йилмаз Чолак ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлаб, тажриба алмашинувини кенгайтириш, полиция академияси магистрларини Ички ишлар вазирлиги академиясига малака ошириш учун юбориш, биргаликда илмий салоҳиятни юксалтириш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Таъкидлаш жоизки, хориж сафари давомида делегациямиз вакиллари Туркия жандармерия ва соҳил хавфсизлиги академияси, Жандармерия авиация бошқармаси, Махсус қўшинлар қўмондонлиги, Ички ишлар вазирлиги экспертизалар маркази, Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш департаменти, шунингдек Измир вилоятида жойлашган Фоча жандармерия десант мактаби, Соҳил хавфсизлиги қўмондонлиги ҳамда бошқа бир қатор муассасаларда бўлиб, соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг замонавий ёндашувлари билан яқиндан танишдилар.
Бундан ташқари, Туркиядаги автомактаблар жамияти раҳбари Муса Аян билан учрашув ўтказилиб, Анқара шаҳридаги ҳайдовчилик курси фаолияти ўрганилди. Учрашувда ҳайдовчиларни тайёрлаш, автомактаблар ўқитувчи-инструкторлари малакасини ошириш бўйича илғор тажрибаларни оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Хулоса қилиб атйганда, Туркия Республикасига амалга оширилган хизмат сафари давомида томонларни қизиқтирган кўплаб масалалар юзасидан салмоқли келишувларга эришилди. Ҳамкорликнинг бундай тарзда ривожланаётгани таълим самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати