Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни жиловлаш бўйича “фуқаробай” ишлаш методикаси Гулистон шаҳрининг “Тараққиёт” маҳалласига кенг татбиқ этилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантиришдир.
Ана шу мақсадда ИИВ Академияси ишчи гуруҳи томонидан маҳалланинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар, хусусан, содир этилган жиноятлар жойига чиқилган ҳолда ўрганилди.
Маълум бўлишича, 2021 йилда жами жиноятларнинг 65 фоиздан ортиқроғи маҳалладаги савдо мажмуаси ҳудудида содир қилинган. Мазкур ҳолатларнинг барвақт олдини олиш мақсадида профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, фаоллар, масъул идоралар ва секторлар раҳбарлари иштирокида сайёр учрашувлар ўтказилиб, вазият атрофлича муҳокама қилинди. Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан қайд қилинган жиноятларнинг хусусиятлари, динамикаси, сабаб ҳамда шарт-шароитларини илмий асосда таҳлил қилиниб, профилактика инспекторлари ва фаолларга зарур тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, вилоят ИИБда тегишли соҳавий хизматлар вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда профилактика инспекторлари иштирокида машғулотлар ҳам ўтказилди. Унда “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг “фуқаробай” ишлаш методикаси”нинг мазмун-моҳияти амалий-методик жиҳатдан тушунтирилди. Жиноятчиликни жиловлаш бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифаларни амалиётга самарали татбиқ этиш орқали криминоген вазиятни барқарорлаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати