Статистик маълумотларга кўра, жаҳон миқёсида китобларни электрон тарзда мутолаа қилишга бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ошиб бораяпти. Бунга электрон адабиётларнинг ҳар жиҳатдан қулайлиги сабаб бўлмоқда.
Яқинда Ички ишлар вазирлиги академиясининг IT мутахассислари томонидан “kitoblar.akadmvd.uz” веб-саҳифаси яратилди. Тизим ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий дунёқарашини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган замонавий дастур бир қатор афзалликларга эга.
“Kitoblar.akadmvd.uz” беш саҳифадан иборат. Ўзбек ва жаҳон адабиёти саҳифаларида ички ишлар органи ходимлари учун тавсия этилган китобларни мутолаа қилиш мумкин. Қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ушбу адабиётларни тинглаш ва QR-код орқали кўчириб олиш имконияти яратилган. Яна бир афзаллиги шундаки, веб-саҳифага таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган адабиётлар ҳам жойлаштирилган. Ҳаволалар саҳифасида эса илмий фаолият билан шуғулланаётган тадқиқотчилар маҳаллий ва халқаро илмий электрон кутубхоналар ҳамда таълим порталлари хизматларидан фойдалана олади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Kitoblar.akadmvd.uz” веб-саҳифаси биринчи навбатда ортиқча вақтни тежайди. Дастур ёрдамида исталган фойдаланувчи зарур китобни осонгина топиши ва қулай шароитда мутолаа қилиши мумкин. Айни жиҳатлардан келиб чиқиб, дастурни янада такомиллаштириш устида ишлар давом эттирилмоқда. Келгусида ҳуқуқшунослик соҳасига оид илмий тадқиқот ва рисолаларнинг электрон базасидан фойдаланишни йўлга қўйиш, энг фаол китобхонларни мониторинг қилиб бориш орқали электрон дастур имкониятларини янада ошириш кўзда тутилган.
Мухтасар қилиб айтганда, янги веб-саҳифа ички ишлар органлари ходимлари билан амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишга, шахсий таркибнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришга хизмат қилади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати