Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

“ФУҚАРОБАЙ” ЁНДАШУВ АСОСИДА ИШЛАШ ФАОЛИЯТИ ЖАДАЛЛАШТИРИЛАДИ

09 Декабрь 2021, 09:12

1542

 

“Ғафур Ғулом” маҳалласи Қашқадарё вилоятининг криминоген вазияти мураккаб ҳудудларидан бири саналади. Айни кунларда маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш борасида кенг кўламли профилактик чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бироқ ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина... 

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан мазкур маҳалладаги криминоген вазият, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг аҳволи, уларнинг содир этилиш сабаб ва шарт-шароитлари, аҳолининг муаммолари ва ижтимоий ҳолати чуқур ўрганилди ва таҳлил қилинди. 

Қайд этилишича, маҳаллада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида айрим турдаги жиноятлар сезиларли камайган, қасддан баданга оғир шикаст етказиш ва товламачилик каби оғир жиноятлар умуман қайд этилмаган. Аммо ўзлаштириш ёки растрата қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, безорилик каби жиноятлар кўпайган. Натижада, умумий жиноятчилик кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66,7 фоизга ошиб, маҳалла криминоген вазияти оғир бўлган “қизил” тоифадаги ҳудуд бўлиб қолмоқда. 

Жиноятларга сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинганда маълум бўлдики, жорий йилнинг ўн ойида жиноят содир этганларнинг 75,8 фоизи бошқа ҳудудлардан келиб ушбу иллатга қўл урган. Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан мансабдорлик, иқтисодиёт соҳаси билан боғлиқ жиноятлар содир этилган. 

Ишчи гуруҳи вакилларининг маҳалла фуқаролари билан учрашувида юқоридаги салбий ҳолатлар очиқ муҳокама қилинди. Ёши улуғ нуронийлар, хотин-қизлар вакиллари ва ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Шу куннинг ўзида Қарши шаҳар ИИБ мутасаддилари, профилактика инспекторлари, маҳалла раиси ва фаоллар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бевосита мулоқотда аҳолининг муаммоли масалаларини ҳал этиш, хусусан, маҳалла ҳудудида қўшимча иш ўринларини яратиш, вақтинча ишсиз ёшлар, айниқса хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтириш, ҳудудларда кичик тадбиркорликни йўлга қўйиш, ёшлар учун спорт иншоотлари барпо этиш, маҳаллани ободонлаштириш бўйича ечимини кутаётган муаммолар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Кун давомида ишчи гуруҳи аъзолари Қарши шаҳридаги “Отчопар” маҳалласида жойлашган намунали патруль-пост хизмати пункти ҳамда “Хонтепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти билан ҳам танишдилар. Ҳудуд профилактика инспекторларига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.  

7 декабрь куни вилоят Ички ишлар бошқармасида онлайн тарздаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Р.Хатамов, Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Ш.Сатволдиев, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари, шаҳар, туман ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этди.

Ишчи гуруҳи раҳбари Р.Хатамов давлатимиз раҳбари томонидан тизимда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб ўтди. “Ички ишлар органларини халқ манфаатларига хизмат қиладиган ижтимоий тузилмага айташтириш мақсадида эскича иш услубларидан воз кечилиб, соҳа фаолиятини замон талаблари даражасида кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда, биринчи навбатда, қуйи бўғинларнинг ишлаш механизми тубдан такомиллаштирилиб, аҳолининг барча қатлами билан манзилли иш олиб бориш асосий мақсад этиб белгиланган. Бугунги кунда секторлар раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда профилактика инспекторлари билан биргаликда “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “фуқаробай” сингари ёндашувлар асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ айрим ҳудудларда жиноятчилик аҳволининг ўзгаришсиз қолаётгани, алоҳи билан ишлашда юзага келаётган муаммолар фаолиятимизни тубдан ислоҳ этишни тақозо этмоқда”, - деди Р.Хатамов.    

Йиғилишда криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини манзилли олиб бориш, бу борада мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан зарур тавсиялар берилди. Академия профессор-ўқитувчилари томонидан криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятчиликнинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганган ҳолда “илмий диагноз” қўйиш орқали олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган ҳудуд методикасини жойларда самарали татбиқ этиш, профилактика инспекторининг маҳалла фаоллари ҳамда секторлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни барвақт олдини олиш борасида долзарб вазифалар белгилаб олинди. Соҳа вакилларига методик қўлланманинг мазмун-моҳияти, уни амалиётга татбиқ этиш механизмлари батафсил тушунтириб ўтилди. 

Бир сўз билан айтганда, ўзаро учрашув ва мулоқотлар ҳудудлардаги мавжуд аҳвол билан яқиндан танишиш асносида аҳолининг дарду ташвишларини тинглаш, уларни ўйлантираётган масалаларни ижобий ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этди. Бундан кўзланган мақсад аниқ – маҳалларда жиноятчиликка барҳам бериш ва халқимизнинг тинч-осуда ва фаровон ҳаётини таъминлашдир.  

 

  

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech