Маҳаллалар ободлиги йўлида амалга оширилаётган янгиланишлар юртимизнинг ҳар бир гўшасига eтиб бормоқда. Бугун ҳудудлардаги муаммолар аниқ ва манзилли чора-тадбирлар асосида ҳал қилинмоқда.
Навоий шаҳрининг “Ёшлик” маҳалласи жиноятчилик аҳволи бўйича “сариқ” тоифадаги ҳудуд саналади. Бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ, албатта. Жорий йил бошидан маҳалла бўйлаб кенг кўламли профилактик ишлар амалга оширилиб, жиноятчиликни жиловлашнинг “фуқаробай” методикаси амалиётга самарали татбиқ қилинди. Натижада, мавжуд криминоген вазият анча барқарорлашди.
Бироқ “Ёшлик” маҳалласини буткул жиноятдан холи ҳудуд, деб бўлмайди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида айрим турдаги жиноятлар, хусусан, ўғирлик, товламачилик, баданга қасддан шикаст етказиш каби ҳолатлар содир этилган. Ички ишлар вазирлиги академияси ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида ушбу жиноятларнинг сабаблари ва бунга имкон бераётган шарт-шароитлар илмий-амалий жиҳатдан ўрганилди. Маълум бўлишича, сўнгги йиллар “Обод маҳалла” дастури асосида бу ерда ўнлаб кўп қаватли уйлар барпо этилган. Маҳалла ҳудуди кенгайиб, аҳоли сони ҳам сезиларди даражада ошган. Ҳудудларда қайд этилаётган жиноятлар асосан аҳоли гавжум масканлар, кўп қаватли уйлар, бозор ва савдо мажмуаларида рўй бермоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан маҳалланинг криминоген вазиятига салбий кўрсатаётган омиллар жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, “илмий диагноз” асосида келгусида уларнинг олдини олиш ва самарали профилактикасини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Маҳалла раиси, фаоллар ҳамда профилактика инспекторларига аҳоли муаммо ва ташвишларини ўрганиш, “фуқаробай” ишлаш орқали жиноятларнинг барвақт олдини олиш, айниқса ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали олиб бориш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, ИИБ соҳавий хизматлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва патруль-пост хизмати ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, аниқланган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди. Криминоген вазияти мураккаб ҳудудларда жиноятчиликни жиловлашда янгича механизмларни қўллаш, илмий ёндашув асосида яратилган “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг “фуқаробай” ишлаш методикаси”ни амалиётга кенг татбиқ этиш, маҳаллаларни обод масканларга айлантириш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати