Абдулҳамид Чўлпоннинг ҳаёти ёшлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Тараққийпарвар адиб ижодида юрт қайғуси, маърифат ва тараққиётга интилиш, Ватанни севиш каби улуғвор ғоялар ёрқин ифода топган.
Адиблар хиёбонида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган адабиёт кечаси маърифатпарвар адиб ижодига бағишланди. Тадбирда адиб ва шоирлар, тадқиқотчи олимлар, ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари ва курсант ёшлари иштирок этди.
“Шарқ Юлдузи” журнали бош муҳаррири, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сирожиддин Рауф мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, хусусан, Абдулҳамид Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг бой адабий меросидан ёшларни кенг баҳраманд қилиш борасидаги ишлар ҳақида гапириб ўтди.
– Ёшлар онгу тафаккурига мафкурафий хуружлар авж олаётган ҳозирги замонда адабиёт қудратли қуролга айланиб бормоқда, – деди Сирожиддин Рауф. – Айни жиҳати билан ҳам жадидчилик ҳаракати намояндаларининг илмий-ижодий меросини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Тараққийпарвар боболаримиз улуғлаган эзгу ғоялар, уларнинг маънавий-маърифий қарашлари ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида камол топтиришда, энг муҳими, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда таъсирчан восита ҳисобланади.
Тадбирда Чўлпоннинг миллий адабиётимиз равнақига қўшган улкан ҳиссаси, адиб ижодини ўрганиш борасида амалга оширилаётган изланишлар ҳақида фикрлар билдирилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан фаол курсантларга бадиий асарлар совға қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати