Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Аксарият ёшлар қилмишининг ҳуқуқий оқибатини ўйламайди

21 Ноябрь 2025, 07:11

36

Пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида ёшларни гиёҳвандлик ва экстремистик оқимлар таъсиридан огоҳ этишга қаратилган ҳуқуқий-маърифий тадбир ўтказилди.

ИИВ академияси магистратураси билан ҳамкорликда ташкил қилинган учрашувда техникум раҳбарияти, ўқувчи ёшлар ва бир гуруҳ ўқитувчилар иштирок этди.

Тадбирда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, келажак авлодлар тақдири йўлида яратилаётган улкан имкониятлар, шу билан бирга, ёшлар маънавиятига таъсир кўрсатаётган иллатлар, уларнинг олдини олиш чоралари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида сўз борди.

Магистратура тингловчилари сўзга чиқиб, ёшлар томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва диний ақидапарастлик билан боғлиқ содир этилаётган жиноятлар, уларнинг асл омиллари, мамлакатимиз қонунчилигида бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик масалаларига атрофлича тўхталди.

– Энг ачинарлиси, аксарият ёшларимиз ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган ҳолда жиноятга қўл уришмоқда. Шунинг учун ёшлар таълим-тарбиясида “оила – маҳалла – таълим муассасалари” ҳамкорлигини кучайтиришимиз, ҳуқуқий-маърифий тарғиботлар орқали уларнинг онги ва қалбига кириб боришимиз зарур, – дейди подполковник Азимжон Холиқов.

Тарғибот давомида амалдаги қонунчиликда белгиланган нормалар, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган қўшимчалар, давлатимиз раҳбарининг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан амалиётга жорий қилинган механизмлар ҳақида тушунча берилди.

Ёшлар интернет тармоғи ва бошқа омиллар туфайли юзага келаётган хавф-хатарлардан огоҳ бўлиши, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини ошириб бориши лозимлиги таъкидланди. Муҳими, учрашув ўқувчиларни нафақат муҳим тавсиялар олиш, балки жамиятда огоҳлик ҳисси билан яшашга ундади.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech