Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

INTERPA: ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди

20 Ноябрь 2025, 05:11

82

6–8 ноябрь кунлари Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA) Бош ассамблеяси ва Ижроия кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Туркиянинг Невшеҳир шаҳри мезбонлик қилган анжуманда ташкилот билан ҳамкорлик қилаётган ва унга аъзо бўлиш истагини билдирган таълим муассасалари вакиллари қатнашди.

Йиғилишни INTERPA президенти, Туркия миллий полиция академияси раҳбари Мурат Балжи очиб, кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолатида эришилаётган натижалар, манфаатли алоқаларни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек глобал хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётган долзарб муаммоларга тўхталди.

Йиғилишда ташкилотнинг бир йиллик фаолияти сарҳисоб қилиниб, кун тартибига киритилган қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Султон Қобус номидаги Ўмон полиция академияси, Ироқ полиция академияси ҳамда Қозоғистон Республикаси ИИВ Бошқарув академияси ташкилот аъзолигига қабул қилинди. INTERPA доирасидаги навбатдаги тадбирларни келгуси йил Шимолий Македония ҳамда Қатар давлатларида ўтказишга келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси Ижроия кенгаш таркибига қайта сайланди.

Шундан сўнг “Кибержиноятларга қарши курашишнинг замонавий стратегиялари: рақамли дунёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш” мавзуига бағишланган халқаро конференция ташкил қилинди. Йигирмадан зиёд давлатлар вакиллари иштирок этган анжуманда кибермаконда юзага келаётган таҳдид ва хавф-хатарларга қарши самарали курашишга қаратилган долзарб ташаббуслар илгари сурилди.

INTERPA тадбирлари муносабати билан ИИВ академияси бошлиғи ўринбосари Руфтулло Нигматов ва Туркия миллий полиция академияси раҳбари Мурат Балжи ўзаро мулоқот қилди. Учрашувда икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш, тажриба алмашинувини кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, Туркий давлатлар полиция академиялари платформаси доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech