Ушбу таркибий тузилма 1998 йил 26 февралда ташкил этилган. Орадан бир йил ўтиб, у Ички ишлар органлари учун раҳбар кадрлар тайёрлаш бўйича магистратурага айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида ички ишлар органлари учун мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан факультет негизида Олий академик курслар ташкил этилди. Жамоага турли йилларда Р.Саитбаев, F.Алимов, И.Мирзараимов, Ў.Мухамедовлар раҳбарлик қилишди.
2017 йилдан Олий академик курслар Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети мақомини олди. Факультетнинг асосий мақсади этиб ички ишлар органлари учун юксак касб маҳоратига эга бўлган, маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берадиган, ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этиш ва бошқаришга қодир, бошқарувга доир касбий хислатларга эга, билимли ва юксак малакали раҳбар кадрлар тайёрлаш белгиланди.
Факультетга ўқишга кириш учун олий маълумотли, 40 ёшдан ошмаган, ички ишлар органларида камида етти йиллик амалий иш стажига эга (бунда кундузги таълим шаклидаги ўқиш муддати ҳисобга олинмайди), бегиланган лавозимлар доирасида бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида хизмат ўтаб келаётган, ўзининг шахсий ва ишчанлик хислатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органлари ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир офицерлар таркибидаги ходимлар номзод сифатида кўрсатилади.
Ҳозирги пайтда факультетда «Ички ишлар органларининг бошқарув фаолияти» мутахассислиги бўйича малакали раҳбар кадрлар тайёрланмоқда. Бир йиллик ўқув дастури доирасида тингловчиларга еттита ўқув модули бўйича 26 та фан ўқитилади. Ўқув жараёни илғор инновацион технологиялар ҳамда интерфаол усулларда амалга оширилади. Соҳага оид янги адабиётлар, дарслик ва қўлланмалар машғулотларнинг давр талаблари асосида ўтказилишини таъминламоқда. Ҳар бир машғулот малакали профессор-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар органларида катта тажриба тўплаган амалиёт ходимлари томонидан олиб борилади. Ўз навбатида, тингловчилар ички ишлар органларида ўқув модуллари бўйича малакавий амалиётни ўташ давомида назарий билимларини янада мустаҳкамлайдилар. Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультетини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга Якуний давлат аттестацияси комиссиясининг қарорига мувофиқ «Менежмент» ихтисослиги, белгиланган намунадаги диплом ва кўкрак нишони берилади.