Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Жиноятчиликни жиловлаш – ислоҳотларнинг бош мақсади

05 Март 2022, 07:03

1186

 

 

Бугун юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Айни йўналишда жамоат тартибини сақлаш, маҳаллаларда жиноятчиликни барвақт олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.

Яқинда ИИВ Академияси ишчи гуруҳи томонидан пойтахтимизнинг Юнусобод туманида сайёр учрашувлар ўтказилди. Аҳоли билан мулоқотлар чоғида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Чунки ўтган йил мобайнида тумандаги айрим маҳаллаларда ўғирлик, талончилик, фирибгарлик, тан жароҳати етказиш ва бошқа турдаги жиноятлар сони кўпайган. Ушбу жиноятларнинг кўпи аҳоли гавжум жойлар, хусусан, савдо марказлари, кўнгилочар масканлар ва бозорлар ҳудудида содир этилган.

– Жиноятчиликни жиловлашнинг халқчил механизмлари амалиётга жорий қилинмоқда, – дейди ишчи гуруҳи раҳбари, полковник Исмоил Ҳимматов. – Ҳудудларни ўрганиш жараёнида ҳуқуқбузарликлар профилактика йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлилий ўрганилди. Боиси, жиноятчиликни барвақт олдини олишда ушбу тизим самарадорлигини янада ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Ишчи гуруҳи вакиллари томонидан криминоген вазияти мураккаб ҳудудлардаги мавжуд аҳвол манзилли ўрганилиб, ички ишлар органлари раҳбарлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимлари иштирокида социологик сўровлар ўтказилди. Хусусан, профилактика инспекторининг бир кунлик хизмат фаолияти, жиноятчилик кўрсаткичи юқори бўлган маҳаллаларда фаолиятни амалга ошириш механизмларининг ўзига хос хусусиятлари таҳлил қилинди. Келгусида криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларнинг олдини олиш ва жиловлаш ишларини самарали ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech