Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЖИНОЯТ ҚОНУНЧИЛИГИ ИСТИҚБОЛЛАРИ: ислоҳотлар ва устувор вазифалар

03 Апрель 2022, 08:04

1559

1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қабул қилинганига 27 йил тўлди. Ўтган йиллар мобайнида мазкур қонуннинг босқичма-босқич ислоҳ қилингани натижасида мамлакатимиз жиноят қонунчилиги либерал ҳуқуқий тизим сифатида шаклланди.

Сана муносабати билан ИИВ Академиясида ўтказилган илмий-амалий конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва бошқа органлар вакиллари, Давлат бошқаруви академияси, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби, Жамоат хавфсизлиги университети, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти каби етакчи олий таълим муассасаларидан мутахассислар, ҳуқуқшунос олим ва экспертлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, мустақилликка эришган дастлабки йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, жамият ҳаётига таҳдид солаётган хавф-хатарлар, хусусан, уюшган жиноятчилик, диний экстремизм, терроризм, товламачилик каби жиноятларга қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратиш долзарб вазифага айланган эди. 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилингани жиноят қонунчилигининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Шунга кўра, 1995 йил 1 апрелдан Ўзбекистон Республикасининг биринчи Жиноят кодекси амалиётга киритилди ва унда собиқ иттифоқ давридаги кодексдан фарқли равишда миллий ва умуминсоний қадриятлар мустаҳкамлаб қўйилди.

– Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳаси изчил ислоҳотлар даврини босиб ўтди, – деди ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов. – Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси асосида жиноят қонунчилигининг тубдан ислоҳ қилингани инсонпарварлик ғояларига таянгани ва амалий натижалари билан халқаро миқёсда ҳам ижобий баҳоланмоқда.

Эътироф этилганидек, шахс ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида сўнгги беш йилда қонунчиликка бир қатор ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди. Жиноий жавобгарликнинг минимал 14 ёшдан белгилангани, “қамоқ” жазосининг бекор қилингани, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати 1 ойга туширилгани, илгари миллий қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган айрим турдаги жиноятлар ҳамда мажбурий меҳнатга қарши жавобгарликнинг амалиётга татбиқ этилгани, 10 дан ортиқ моддалар шахсни жавобгарликдан озод қилишга қаратилган рағбатлантирувчи нормалар билан тўлдирилгани ва бошқалар шулар жумласидандир.

 Илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали директори Аброржон Отажонов, Тошкент давлат юридик университети профессори Қумринисо Абдурасулова, Жамоат хавфсизлиги университети профессори Баҳром Аҳроров, ИИВ Академияси профессори Рустам Кабулов ва бошқа мутахассислар сўзга чиқиб, жиноят қонунчилигини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича маъруза қилдилар.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор йўналишлар асосида жиноят қонунчилигини янада либераллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилгани анжуман долзарблигини янада оширди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech