Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАРДАГИ ЭЛЧИЛАРИ ИИВ АКАДЕМИЯСИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИЛАР

29 Декабрь 2021, 10:12

1565

Таълим муассасаси бошлиғи Рустам Хатамов ҳамроҳлигида меҳмонлар ўқув жараёнига татбиқ этилган янгиланишларни кўздан кечиришди.

Танишув чоғида Академия фаолияти, ўқув-тарбия жараёни, илмий-тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Дипломатик корпус вакиллари Маънавият ва маърифат маркази, Академия тарихи музейи, “Ватанпарварлик бурчаги” билан яқиндан танишдилар. Жанговар-жисмоний тайёргарлик кафедрасида яратилган шарт-шароитлар меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Шу ерда ёшларни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган иқтидорларни тарбиялаш, бу борадаги муҳим ишлар юзасидан фикр алмашилди. 

Тадбир давомида меҳмонлар эътиборини ўзига жалб қилган жиҳат бу – ўқув тезкор-тергов гуруҳлари учун махсус жиҳозланган автобуслар бўлди. Дипломатик корпус вакиллари ўқитишнинг интерфаол ёндашувларини оммалаштириш ва мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шу куни меҳмонларга Ахборот-ресурс маркази, ушбу маскандаги анжуманлар зали, электрон ўқув зали, “Турон қоплони – Жалолиддин Мангуберди” ва “Буюк соҳибқирон Амир Темур” синфхоналари ҳақида маълумот берилди.

Ўзаро мулоқот чоғида ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш долзарб вазифа эканлиги таъкидланиб, инновацион таълим имкониятларини кенгайтириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини самарали давом эттириш, моддий-техник базани янада такомиллаштириш ва ўзбекистонлик ёшлар учун барча имкониятларни яратиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech