Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Жиноятчиликни жиловлаш дахлдорликни талаб этади

10 Декабрь 2025, 10:12

47

Маҳаллалардаги муҳит, биринчи навбатда, одамлар кайфиятига таъсир кўрсатади. Жиноятдан холи, осойишта маҳаллада аҳоли тинч ва фаровон ҳаёт кечиради.  

Бу борада Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги қарори долзарб вазифаларни қамраб олгани билан муҳим аҳамият касб этди. Мазкур қарор асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилмоқда.

ИИВ академияси бошлиғи айни йўналишдаги ишларнинг бориши билан танишиш мақсадида пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги “Обод” ва “Мирзо Улуғбек” маҳаллаларида бўлиб, масъуллар билан мулоқот қилди.

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 августдаги ПҚ-253-сон қарори билан криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда алоҳида ёндашув асосида манзилли ишлаш механизмлари жорий қилинди. Шу асосда академия профессор-ўқитувчилари томонидан ҳудудларнинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ўрганилиб, илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилди.

Натижада, ҳуқуқбузарлик содир этилиши мумкин бўлган ҳудудларга 146 та замонавий камера ўрнатилиб, 151 та объект техник қўриқловга олинди. Қўшимча куч ва воситалар йўналитирилди. Гавжум кўчалар, уйлар, савдо мажмуалари ва бошқа масканларга 25 та ташвиш тугмаси қўйилди. “Жиноят ўчоғи” сифатида белгиланган 16 та ҳудуд хавфсиз жойга айлантирилди. Маҳаллаларда “Маҳалла тарғиботчиси” жамоатчилик гуруҳлари ташкил қилинди.

Мулоқот чоғида масъуллар ва “маҳалла еттилиги” вакилларининг жиноятчилик омилларини бартараф этиш юзасидан ахбороти тингланди. “Йўл харита”ларда белгиланган вазифалар ижроси биргаликда муҳокама қилинди. Академия бошлиғи криминоген вазиятни мунтазам равишда баҳолаб бориш орқали аҳолини реал ҳолатдан хабардор қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий профилактика чора-тадбирларини кучайтириш, низоли оилалар билан манзилли ишлаш зарурлигини қайд этди.

“Аҳолининг ҳуқуқий масъулиятини оширишга ҳам эътибор қаратиш керак. Кўрилаётган чоралар маҳалла осойишталиги учун қилинаётганини ҳар бир фуқаро ҳис қилиши, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга дахлдорлик билан қараши керак. Шунда тизим ўз натижасини кўрсатади”, - деди академия бошлиғи Рустам Хатамов.

Ҳудудларни ўрганиш жараёнида бир қатор долзарб вазифалар белгилаб олинди. Маҳалла фаолларига “еттилик” фаолиятини илғор тажрибалар асосида такомиллаштириш, тизимни жамият ва давлат ўртасидаги чинакам кўприкка айлантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech