Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТОЖИКИСТОН ИИВ АКАДЕМИЯЛАРИ ҲАМКОРЛИКНИ ЙЎЛГА ҚЎЙДИ

29 Декабрь 2021, 10:12

2106

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида ўқув даргоҳининг ўттиз йиллиги нишонланди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси вакиллари ҳам иштирок этишди.

Ташриф доирасида икки мамлакат таълим муассасалари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва стратегик йўналишларини муҳокама қилдилар.

– Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар янада юқори поғонага кўтарилди, – деди Тожикистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи, милиция генерал-майори Файзали Шарифзода. – Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида алоқаларимиз барча соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Бугунги учрашув истиқболдаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи тожикистонлик ҳамкасбини самимий қутлаб, учрашувнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди.

– Халқларимизни тарих синовидан ўтган мустаҳкам қардошлик ва аҳил қўшничилик ришталари боғлаб турибди. Ҳамкорлик муносабатлари янги суръат ва босқичда ривожланаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Биз кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик, замонавий хавф-хатарларнинг олдини олиш, ва таълим соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдормиз,  – деди Рустам Хатамов.  

Самимий руҳдаги мулоқотдан сўнг таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Томонлар келишувда назарда тутилган муҳим масалаларни атрофлича муҳокама қилиб, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олдилар. Ҳамкорликнинг амалий самараси ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу куни делегациямиз аъзолари Тожикистон Республикаси ИИВ Академиясининг фаолияти билан яқиндан танишиб, ўқув даргоҳи ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда иштирок этдилар.

Куннинг иккинчи ярмида Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазири, милиция генерал-полковниги Рамазон Раҳимзода Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи Р. Хатамов, Беларусь Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи А.  Васильев ва Тожикистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи Ф. Шарифзодани қабул қилди. Учрашувда ҳозирги мураккаб шароитда минтақа давлатлари тинчлиги ва барқарорлигига таҳдид солаётган хавф-хатарларнинг олдини олиш, жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишда ҳамкорликни кенгайтириш, таълим соҳасида фаол тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмат

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech