ИИВ академиясида ШҲТ Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда ўтказилган давра суҳбати ушбу долзарб мавзуга бағишланди.
Тадбир аввалида академия раҳбари Рустам Хатамов ва ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров сўз олиб, ахборот асрида юзага келаётган муаммоларга тўхталди. Хусусан, бугунги глобаллашув даврида ахборот технологиялари имкониятларининг кенгайиб бораётгани, кибержиноятларга қарши курашиш, киберхавфсизликни таъминлаш масалалари дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётгани таъкидланди.
“Мамлакатимиз миқёсида бу турдаги жиноятларни таҳлил қилганимизда, уларнинг аксарияти жабрланувчиларнинг ўз ҳаракатлари ва эҳтиётсизлиги оқибатида содир этилгани маълум бўлмоқда. Шу боис, ахборот хуружларидан ҳимояланишда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда кибергигиенани шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим”, - деди академия бошлиғи.
ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қ. Собировнинг таъкидлашича, кибержиноятлар трансчегаравий хусусияти билан глобал характерга эга. Бугунги кунда ШҲТ доирасида халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва кибер макондаги хатарларга қарши курашиш бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шундай бўлса-да, кибертаҳдидлар билан боғлиқ салбий тенденциялар бу борада комплекс ёндашувларни тақозо этмоқда.
Манфаатдор идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда атрофлича фикр алмашилди. “Кибержиноятчилик ва кибертерроризм таҳдидларига қарши курашишнинг бугунги ҳолати”, “Кибермаконда хавфсизликни таъминлаш муаммолари”, “Рақамли халқаро муносабатлар асрида кибердипломатия ва киберхавфсизлик”, “Ахборот хавфсизлигини таъминлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш”, “Кибержиноятларга қарши курашиш соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш истиқболлари” мавзуида маърузалар тингланди. Бир қатор амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ҳамда ИИВ академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, томонлар манфаатли йўналишларда тажриба алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати