Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЁШЛАРДА СОҒЛОМ МАФКУРА ВА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ терроризмга қарши профилактиканинг муҳим омили

09 Март 2022, 01:03

1922

Бугунги кунда терроризм ва экстремизм умумбашарий муаммога айланди. Ушбу глобал таҳдидларга қарши курашиш борасида дунё миқёсида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, мазкур муаммога ҳали тўлиқ ечим топилгани йўқ. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталиб, «дунёда терроризм таҳдидлари, айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши, асосан, куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганидан далолат беради. Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда», дея таъкидлаган эди.

Терроризм қандай ниқобда бўлмасин, унинг замирида инсониятга зулм ўтказиш, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш, халқнинг моддий-маданий бойлик­ларини йўқ қилиш ётади. Шунинг учун ҳар қандай жамият терроризмни мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлигига рахна солувчи, тинч-осуда ҳаёт тарзини издан чиқарувчи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини поймол этувчи куч сифатида қабул қилмоқда.

Шу боис ҳозирги мураккаб шароитда аҳолини, айниқса, ёшларни терроризмнинг зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилувчи ғояларидан ҳимоя қилиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Унга қарши ҳарбий йўл билан курашиш фақатгина қисқа муддатли ижобий натижалар беришини ҳисобга олсак, жамият аъзолари онгига соғлом мафкура ва бунёдкор ғояларни сингдириш муҳим вазифага айланади. Маълумотларга кўра, террорчилик, экстремизм ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. Шу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифининг илгари сурилгани нечоғлик ҳаётий ва ижтимоий муҳим воқелик бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали унга қарши курашишга қаратилган профилактик ишларни олиб бориш, айниқса, ўсиб келаётган ёшларни терроризм ва экстремизм хуружларидан асраб-авайлаш бу борадаги тарбиявий ишларнинг таъсирчанлигини янада оширади. Ёш авлодни юксак ватанпарварлик ва буюк аждодларимизга муносиб ворислик руҳида тарбиялаш жамиятда бузғунчи ғояларга қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитетнинг ҳосил бўлишига замин яратади.

Биламизки, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбия­лаш – давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотларининг кўп босқичли, тизимли, мақсадли ва мувофиқлаштирилган фаолиятидир. Ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ёшларга юртимизнинг шонли тарихи, улуғвор қудрати ҳақида маълумотлар бериш, Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб қилиш, илм-фан ва маданиятнинг энг сара намояндалари билан таништириш, ўзи туғилиб ўсган юрти, маҳалласи ва хонадонига чексиз иззат-эҳтиром билан муносабатда бўлишни ўргатиш жуда катта аҳамиятга эга.

Таълим-тарбия­нинг миллий қадриятлар уйғунлигида тўғри йўлга қўйилиши ҳар бир инсонда она юртга меҳр-муҳаббат, миллат ва халқ олдидаги масъулият ва бурчни анг­лаш, ўз юртидан фахрланиш ҳиссини юксалтиради. Ватанпарварлик – шахсни ахлоқий шакллантиришнинг энг муҳим таркибий қисми бўлиб, кишини мамлакат равнақига, тили ва маданиятига ҳурмат билан қараш, халқимизнинг бой маданий меросини асраб-
авайлашга ундайди. Бир сўз билан айтганда, ватанпарварлик олий фуқаролик позицияси бўлиб, давлат, халқ ва жамият манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиш демакдир.

Ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳини юксалтиришга, энг аввало, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбия­лаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқурроқ сингдириш орқали эришилади. Мазкур йўналишдаги фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбия­лаш концепцияси» ҳамда «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбия­лаш концепциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури» тасдиқланди.

Жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш орқали ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан халос этиш, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, терроризм ва экстремизмнинг жирканч оқибатлари ҳақида огоҳликка чақириш ички ишлар органларининг асосий вазифаларидан бири саналади. Айни масалада бир қатор вазифаларни амалга ошириш жамиятда соғлом маънавий муҳитни барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Биринчидан, ўқув муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда ёшлар, айниқса, уюшмаган ўғил-қизлар ўртасида ватанпарварлик руҳида тарбия­лашга қаратилган маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш зарур.

Иккинчидан, турли экстремистик оқимларга қарши курашишни янада фаоллаштириш орқали ёшларнинг ёт ғояларга қўшилиб кетишининг олдини олиш керак.

Учинчидан, экстремис­тик оқимлар таркибида содир этган жинояти учун жазо ўтаган, ҳозирда тузалиш йўлига кирган ва озодликка чиққан шахслар иштирокида ақидапарастликнинг асл моҳияти ва зарарли оқибатларини кенг аҳоли ўртасида тушунтириш лозим.

Тўртинчидан, профилактик чора-тадбирлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларига маҳалла фаоллари, таълим муассасалари ва давлат органларининг амалий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш яхши самара беради.

Бешинчидан, оммавий ахборот воситалари ва интерент тармоғида терроризм ва экстремизмнинг жамият тараққиётига таҳдид солувчи фаолият эканлиги ҳақида тарғибот ишларини кучайтириш даркор.

Зеро, Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш ҳамда унинг тадрижий ривожланишига ҳисса қўшиш барча ватандошларимизнинг эзгу орзу умидларидан бирига айланмоғи керак. Ушбу улуғвор мақсадга эришиш йўлида ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш ёшларнинг ахлоқий маърифатини юксалтириш баробарида, «тафаккур учун кураш»га хизмат қилади.

Рустам ХАТАМОВ,

ИИВ Академияси бошлиғи,

полковник.

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech