Ички ишлар органлари тизимида ўтказилган “Ёш китобхон” танлови совриндорлари тақдирланди. Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ички ишлар вазирлиги вакиллари, маънавият тарғиботчилари, Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши фаоллари иштирок этди.
Айтиш жоизки, кўрик-танловнинг республика босқичи 22-23 февраль кунлари Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилиб, унда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган ўттиз нафардан зиёд иштирокчи қатнашди. Ёш китобхонлар “Бадиий асар билимдони”, “Тезкор савол-жавоб” ҳамда “Буюк мутафаккир ва адиб” турлари бўйича ўзаро беллашдилар.
Қизғин руҳда ўтган танловнинг 15–19 ёшдаги иштирокчилари ўртасида биринчи ўрин ИИВ Академияси курсанти Камронбек Исмоиловга, иккинчи ўрин ИИВ Самарқанд академик лицейи ўқувчиси Севинч Обриевага, учинчи ўрин эса ИИВ 2-сонли Тошкент академик лицейи ўқувчиси Жавоҳир Муҳитовга насиб қилди. Шунингдек ёш ходимлар (20–30 ёш) ўртасида кечган танловда фахрли ўринларни Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЙҲХБ катта инспектори, капитан Азамат Ахматов, ИИВ Академияси ўқитувчиси, капитан Одилбек Ўринов ва Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ психологи, лейтенант Каримжон Абдураҳмонов эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар диплом, пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказилаётган бу каби тадбирлар ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти, дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, ички ишлар органларида китобхонлик маданиятини ошириш билан бирга, иқтидорли ёшлар сафини кенгайтиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этмоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати