28 апрель куни ИИВ Академиясида “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммолари” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуман ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт вазирлиги Автомобиль йўллари қўмитаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси маркази, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши, “Аvtotest-Report” масъулияти чекланган жамияти, шунингдек қатор етакчи таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбир аввалида илмий-амалий анжуманнинг долзарб аҳамияти, мамлакатимиз йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг ҳозирги ҳолати, бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар таъкидлаб ўтилди.
Соҳа вакиллари ўз маърузалари орқали тизимдаги айрим муаммолар, хусусан, йўл ҳаракати иштирокчиларининг маданиятини ошириш, автомактабларда ўқитишнинг замонавий механизмларини кенг жорий қилиш, автомобиллар тинрбандлигининг олдини олишда илғор хорижий давлатлар тажрибасини қўллаш, атроф-муҳитга зарарларни камайтириш, илмий ёндашув асосида йўл-транспорт ҳодисаларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш масалаларига батафсил тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек 2022 йил давомида республикамиз автомобиль йўлларида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил қилиниб, ечимини кутаётган муаммолар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати