Кадрларнинг бошқарувчанлик фазилатларини шакллантириш мураккаб жараён. Айниқса глобал янгиланишлар рўй бераётган ҳозирги шароитда ҳар бир соҳа фаолиятининг самарадорлиги бевосита ушбу омилга боғлиқ.
ИИВ Академияси магистратурасида таълим олаётган тингловчилар учун “Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва замонавий раҳбар” ўқув модули доирасида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов, вазирлик Фахрийлар кенгаши аъзоси Абдуғафур Сатторов, шунингдек Академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда тингловчилар иштирок этди.
Давра суҳбати аввалида таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов сўз олиб, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, энг аввало, соҳани аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш орқали халқчил тузилмага айлаштириш, кадрларнинг профессионал салоҳияти ва касбий маданиятини юксалтиришга қаратилганини алоҳида таъкидлади. Академия магистратурасида илғор ёндашувларнинг йўлга қўйилгани замонавий бошқарув кадрларини тайёрлашга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.
Тадбирда раҳбарликка хос фазилатлар, фаолиятни бошқариш ва ривожлантиришнинг асосий омиллари, ички ишлар органи раҳбаридан талаб этиладиган зарур касбий кўникмалар, жамоани бошқариш, кадрларни танлаш, жойига қўйиш ва лавозимга тайинлаш, шунингдек турли ностандарт вазиятларда бошқарувни самарали амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
– Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз ички ишлар органлари ривожланишнинг муҳим босқичларини босиб ўтди, – деди Зокиржон Алматов. – Бироқ ислоҳотларнинг ҳозирги суръатини бундан аввалги давр билан таққослаб бўлмайди. “Янги Ўзбекистонда – янги ички ишлар органлари” тамойили асосида тизимнинг маънавий-ижтимоий қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда. Бошқарувнинг маъмурий усуллари ўрнига халқчил механизмлар амалиётга жорий қилинмоқда. Бундай шароитда раҳбарликка тайинланган ҳар бир ходим ўз фаолиятининг мазмун-моҳиятини ўзгартириши, замонга мос қадам ташлаши керак. Шундагина давлатимиз раҳбари таъкидлаган устувор мақсадларга эришамиз.
Мулоқотда лидерликка хос қобилиятни шакллантириш, билимли ва ташаббускор бўлиш, хизматга юқори масъулият билан виждонан ёндашиш, ички ишлар органлари шаънига путур етказувчи иллатлардан халос бўлиш борасида тингловчиларга тавсиялар берилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати