Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЯНГИ ТИЗИМ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ БАРВАҚТ ОЛДИНИ ОЛИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

10 Февраль 2025, 04:02

80

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 452 та маҳалла бўлиб, уларнинг ҳаммасини жиноятдан холи деб бўлмайди. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарори асосида мазкур ҳудудда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда бўлиб, масъуллар, сектор раҳбарлари ва “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари билан учрашди. Мулоқот чоғида жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини аниқлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги муҳим вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Маълум бўлишича, ўтган йил якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикасида жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайган. Шундан ўғирлик, фирибгарлик, баданга шикаст етказиш ва бошқа турдаги олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар салмоғи юқоригича қолган. Умумий ҳисобда 83 та маҳалла криминоген вазияти оғир ҳудуд сифатида баҳоланган. Айни кунларда академия профессор-ўқитувчилари томонидан шу ва жиноят содир этилган бошқа маҳаллаларда ўрганишлар олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, шу кунгача 92 та маҳалланинг криминоген вазияти илмий-амалий ёндашувлар асосида ўрганилди. Жиноятларнинг асл омиллари билан бирга, ушбу иллатга шарт-шароит яратаётган “жиноят ўчоқ”лари аниқланди.

Академия бошлиғи “маҳалла еттилиги” аъзолари билан мулоқоти чоғида Президентимиз қарорининг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталди. Янги тизим асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олиш самарадорлигини янада ошириш юзасидан тизим ходимларига зарур тавсиялар берди.

Мухтасар айтганда, жойларда ташкил қилинаётган ўрганишлар давлатимиз раҳбари қарорини ҳудудларга кенг татбиқ этиш, криминоген вазият билан боғлиқ муаммоларни ўз жойида ҳал қилиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида муҳим вазифаларни белгилаб олиш ва амалга оширишда муҳим дастуруламал бўлмоқда. Зеро, маҳаллалар осойишталиги юрт тинчлигидан далолат беради.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech