ИИВ Академиясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тизим ходимлари, профессор-ўқитувчилар, магистратура тингловчилари иштирок этган тадбир давлат мадҳиямиз ижроси билан бошланди.
Тадбирда янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти ва ҳаётимиздаги беқиёс аҳамияти эътироф этилди. Таъкидланганидек, асосий қонунимизда Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгиланди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар янада мустаҳкамланди. Яъни инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги, давлат томонидан инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари таъминланиши қайд этилди. Ўз навбатида, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилди.
Шу маънода, янги таҳрирдаги Конституция ижросини тўлиқ таъминлаш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ички ишлар органларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси эканлиги таъкидлаб ўтилди. Тадбир якунида Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудратини тараннум этувчи қўшиқлар ижро этилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати